Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида овқалантиришни ташкил этиш бўйича танлов жараёнини қайта ташкил этиш тўғрисида

Тадбиркорлар диққатига!

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 2020 йилнинг февраль ойида давлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларни овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш мақсадида тадбиркорлар ўртасида танлов эълон қилинган эди.

Танловда иштирок этиш учун 2020 йилнинг 17 март ҳолатига республика бўйича жами 207 нафар тадбиркорлар томонидан ҳужжатлар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2020 йилнинг 16 март кунидан бошлаб республикадаги барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги сабабли, танловни ўтказиш муддатини узайтириш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан жорий йилнинг сентябрь ойидан давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйишга рухсат берилганлиги муносабати билан, тадбиркорлардан келиб тушган ҳужжатлар асосида танловни жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиш келишиб олинган.

Танловни ўтказиш жараёнида тадбиркорлар томонидан тегишли ҳужжатлар 2020 йилнинг 17 март кунига қадар тақдим этилганлиги, танловни ўтказиш кунига (октябрь-ноябрь ойлари) қадар тадбиркорлар фаолиятида (молиявий ва бошқа) кўплар ўзгаришлар содир бўлганлиги ҳамда танлов жараёнида ушбу ўзгаришларни инобатга олиш зарурлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушган.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг 2020 йил 4 декабрдаги 6-17/33-3/3-962-сон тақдимномасида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш мақсадида Танлов йўриқномасини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

 Мактабгача таълим вазирлиги пандемия шароитида танловни ўтказиш муддати кечиктирилиши муносабати билан танловни ўтказиш кунига қадар тадбиркорлар фаолиятида (молиявий ва бошқа) кўплар ўзгаришлар содир бўлганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат харидлари тўғрисидаги Қонунининг 36-моддасига мувофиқ танлов жараёни тўхтатилганини маълум қилади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш бўйича танлов жараёни амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштирган ҳолда 2021 йилда январь-февраль ойларида қайтадан ташкил этилиши режалаштирилган.

Мактабгача таълим вазирлиги танлов жараёнини қайта ташкил этишда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилишга, шаффофликни таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари иштирокини янада кенгайтириш орқали соғлом рақобат муҳитини яратилишига алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилади.