Мактабгача таълим вазирлигининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Тошкент шаҳри, 12 февраль 2020 йил – Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январидаги «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4581-сон қарорининг аҳамияти, шунингдек, мактабгача таълим тизимида бугунги кунга қадар давлат-хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда 2020 йилда давлат-хусусий шерикчилик йўналишидаги асосий вазифалар бўйича маълумотлар берилди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 2018-2019 йилларда 140 мингдан ошиқроқ қувватга эга нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини (МТТ) ташкил этиш учун 1412 та битимлар имзоланган.

Мазкур битимлар доирасида бугунги кунга қадар 992 та лойиҳага 1 732 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 59,9 минг қувватга эга 692 та МТТлар ўз фаолиятини бошлаган. Шунингдек, 144, 7 минг қувватга эга 6084 оилавий шаклдаги МТТ ҳам ўз фаолиятини бошлаган.

300 та МТТларда эса қурилиш-жиҳозлаш ишлари давом этаётган бўлиб, улар жорий йилнинг март ойига қадар ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда. Бунинг натижасида 31,7 минг бола қамраб олиниши режалаштирилган”,-деди Мактабгача таълим вазири ўринбосари М. Юлдашев ўз чиқишида.

Бугунги кунда давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланган, бироқ молиялаштирилмаган 420 та лойиҳалар учун 858,8 млрд. сўм ресурс маблағига эҳтиёж мавжуд.

2018-2019 йилларда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия институтларидан эквиваленти 200,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредитлар жалб қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январидаги
ПҚ-4581-сонли қарорига асосан, 2019 йилнинг 1 декабрига қадар қурилиш ишлари 25 фоиздан юқори бўлган лойиҳаларга йиллик 1 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратилиши, қолган лойиҳаларга халқаро молия институтларининг кредитлари (қарзлари) ва грантлари жалб қилингандан сўнг Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан 12 фоизли ставкада, туман марказларида 8 фоиз ставкада, туманларнинг олис худудларида 5 фоизли ставкада ажратилиши белгиланган.

Ушбу қарор орқали “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, ушбу Қонун қабул қилингунга қадар бўлган норматив хужжатларга ўзгартириш киритиш орқали тартибга солиш, шунингдек тадбиркорлар ўртасида юзага келаётган кўплаб муаммоларни ягона ёндашув орқали бартараф этиш имконияти туғилади.

“Шунингдек, мазкур қарор Мактабгача таълим тизимини, шу жумладан мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим соҳасидаги давлат-хусусий шерикчилиги учун қулай шакл ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади”-деб таъкидлади давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи
А. Ҳакимов.

Бугунги кунда давлат-хусусий шерикчилик битимларини молиялаштириш мақсадида Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг хайрия эҳсонлари, кредитлари (қарзлари) ва грантларини жалб этиш юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда Ўзбекистонда давлат–ҳусусий шерикчилик асосидаги МТТлар сони 6776 тани ташкил этиб, қамраб олинган болалар сони 204 мингдан ошди.

2020 йилда яна 2 мингта оилавий ҳамда 420 та давлат–ҳусусий шерикчилик асосидаги нодавлат МТТларини очиш режалаштирилган.

photo_2020-02-12_16-40-17.jpg photo_2020-02-12_16-44-07.jpg photo_2020-02-12_16-39-36.jpg photo_2020-02-12_16-44-11.jpg