​Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги 15-сонли МТТ тарбияланувчиларида “ўткир диарея ва гастроэнтерит” келиб чиқиши сабаблари бўйича текширув хулосаси.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги 15-сонли МТТ тарбияланувчиларида кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритнинг келиб чиқиш сабаблари батафсил ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ДСЭНМ хулосасига кўра, болаларда кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритга таом тайёрлаш технологиясининг қўпол тарзда бузилиши, номувофиқ таомномаҳамда овқатланиш бўлими ва МТТнинг бошқа ходимлари (тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчилар) томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаганлиги сабаб бўлган.

15-сонли МТТ мудираси Рахматуллаева Моҳира Абдумаликовна, ошпаз Қахрамонова Шоҳида Аброровна ва ҳамшира Эргашева Мавлуда Эргашевна лавозим мажбуриятларини бажармаганлиги ва лоқайд ҳатти–ҳаракати натижаси оқибатида болалар соғлиғига зарар етказилганлиги сабабли, эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.

27 сентябрдан 6 октябргача МТТ фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ташкилотда умумий тозалаш, дезинфекция тадбирлари ва МТТдаги санитария-техника воситаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ходимларга санитария нормалари ва қоидалари бўйича 3 кунлик ўқиш ташкил этилган.

МТТ 7-октябрдан бошлаб ишга тушди ва тарбияланувчиларни яна қабул қила бошлади.

Биз Ўзбекистон Республикаси ОАВларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳамда МТВ ташаббусларини ёритишдаги кўмаги учун самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ахборотнинг тўғри етказилиши натижасида аҳоли вазирлигимиз диалог учун очиқлиги, мактабгача таълим тизимидаги ўткир муаммоларни ечишга тайёрлигидан ҳабардор бўлаётганлиги катта аҳамиятга эга.