Мактабгача таълим вазирлигида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Мактабгача таълим вазирлигида Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг  580 йиллиги муносабати билан  Навоийхонлик кечаси ташкил этилди.
Тадбир давомида Мактабгача таълим вазири А.Шин Навоий ва унинг ўчмас мероси хусусида қуйидагиларни маълум қилди: “Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади. Айниқса мактабгача таълим ёшидан бошлаб, Навоий рубоийлари ва асарларидан парчаларни ўрганиш, иккинчи уй сифатида шаклланган мактабгача таълим ташкилоти деворларида болаликдан ўз тарихига, шеъриятига ва санъатига муҳаббат шаклланишига замин яратилади.”
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари А.Қирғизбоев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчилари Т.Матяқубова, О.Тожибоева ҳамда талаба қизлар қатнашиб, шоир Алишер Навоийнинг серқирра ижоди, Навоий асарларини мактабгача таълим ёшидан ўрганиш муҳимлиги ҳақида ўз фикрларини баён этишиб, учинчи ренессанснинг шаклланиши  мактабгача таълим ёшидан амалга оширилиши йўлида давлат томонидан бир қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлашди.  
Тадбир якунида мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болажонларнинг Алишер Навоий рубоийларидан парчаларни ижро этганликларини акс этттириган видеоролик намойиш этилди.