Ўзбекистондаги болалар боғчаларида дастурлашни ўргатадиган роботлар пайдо бўлади

МТВ болаларда вазифаларни самарали ечишга қаратилган алгоритмик тафаккурни ривожлантириш бўйича пилот лойиҳасини ишга туширди.

2021 йил 9 февраль, Тошкент - 2021 йил 9 февралда болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатишга мўлжалланган Albert ва Genibot ақлли роботларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Корея Республикасидан келган ҳамкорлар Ўзбекистоннинг МТТга 275 та робот ва 350 та ўқув қўлланмасини совға қилдилар.

Тадбир Мактабгача таълим вазирлиги, Корея робот саноатини ривожлантириш институти (KIRIA), Корея ўқитувчилар уюшмаси, шунингдек, FRG Korea, Dazzle Edu, Genie Robot ва SK Telecom компанияларининг вакиллари иштирокида онлайн тарзда ўтказилди.

Биз болалар боғчаларида дастурлаш кўникмалари ҳақида гапирганда, код ёзишни назарда тутмаймиз. Гап замонавий реал ҳаёт шароитларида муваффақият гарови бўлмиш алгоритмик тафаккурни ривожлантириш ҳақида кетмоқда. Ўйин услубидаги роботлар ижодкорлик, мантиқ, намуналарни таниб олиш ва оптимал ечимларни топиш қобилиятларини ривожлантиради.

Дунё ахборот технологиялари даврига қадам қўйди. Дастурий таъминот билан ишлаш, компьютерлар тилида гапириш ва буйруқ бериш қобилияти мажбурий бўлиб қолди. Биз болаларимиз эгаллаган кўникмалар замон талабларига жавоб беришини истаймиз ”, - деди МТВ ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази директори Оятилло Раҳматиллаев.

Albert ва Genibot роботлари 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган. Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини милтиратишга, гапиришга мажбур қилади. Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши каттароқ болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқлари ва алгоритмларини яратишлари мумкин.

Роботларга асосланган ўқитиш дастури Корея Республикасида яхши натижалар кўрсатди. У ерда ҳукумат кўмагида бутун мамлакат бўйлаб мингдан зиёд ўқувчиларни қамраб олган 140 та синф очилди. Франция, Испания, Коста-Рика ва Перудаги мактаблар ва болалар боғчаларида ҳам шу каби пилот дастурлари ишга туширилган.

«Келажак робототехника ва автоматлаштирилган саноатга тегишли бўлади. Биз Ўзбекистонда ушбу тараққиётга дахлдор эканлигимиздан мамнунмиз ҳамда Корея ва Ўзбекистон нафақат робототехника соҳасида, балки инновация соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик қилишига умид қиламиз", - деди KIRIA компанияси президенти Чонил Мун.

Albert ва Genibot роботлари бутун Ўзбекистон бўйлаб 53 та МТТга тақсимланади. Жойларда устозларни ўқитиш ва пилот лойиҳаси натижаларини мониторинг қилиш ишлари МТВ ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази томонидан олиб борилади.

Агар пилот лойиҳаси муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги янада кўп болалар боғчаларини ақлли роботлар билан таъминлайди, шунингдек, уларнинг иш функцияларини имкониятлари чекланган болаларга мўлжалланган дастур билан тўлдиради.