Халқаро ҳамкорликнинг самарадорлиги ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш

Бугунги кунда Мактабгача таълим вазирлиги хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. 2017-2021 йилларда Мактабгача таълим вазирлиги ва хорижий ҳамкорлар ўртасида Ўзбекистон Республикада мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган 50 дан ортиқ меморандумлар ва келишувлар имзоланди.

Мактабгача таълим вазирлиги Корея Республикаси, Сингапур, Хитой Халқ Республикаси, Япония, АҚШ ва Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қилмоқда. Шу билан бирга халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, UNICEF, UNESCO, JICA, KOICA, TIKA, Жаҳон банки гуруҳи, Саудия тараққиёт жамғармаси, “Россотрудничество” ва бошқа халқаро молия институтлари шулар жумласидандир.

Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш ва мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш мақсадида, Мактабгача таълим вазирлиги хорижий инвестициялар иштирокида лойиҳаларни амалга оширади.

Ўтган давр мобайнида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан
хорижий ҳамкорлар билан 150,85 млн АҚШ долларига тенг бўлган маблағларни жалб этиш бўйича келишувларга эришилди. Улардан 73,85 млн АҚШ доллари Жаҳон банкидан, 28,0 млн АҚШ доллари Корея Республикасидан, 21,0 млн АҚШ доллари АҚШдан, 12,0 млн АҚШ доллари Россиянинг Лукойл компаниясидан ҳамда 16 млн АҚШ доллари бошқа халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтларига тўғри келади.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати