“Таълим тўғрисида”ги қонуни фарзандларимиз келажагининг ҳуқуқий пойдевори

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, инновацион илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда-ки таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш ҳам давр талабига айланди. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасидаги  муносабатларни тартибга солувчи бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб келинмоқда. Шулар қаторида, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Мазкур қонун билан таълим соҳасидаги асосий принциплар белгиланган бўлиб, улар асосан таълим устуворлигининг тан олиниши; таълим олиш шаклини танлаш эркинлиги; таълим соҳасида камситишларга йўл қўйилмаслиги; таълим олишга доир тенг имкониятларнинг таъминланиши; таълим ва тарбияга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги; таълим ва тарбиянинг инсонпарварлик, демократик хусусияти; таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги; ўн бир йиллик таълимнинг ҳамда олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлашнинг мажбурийлиги; давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги; ўқув дастурларини танлашга доир ёндашувнинг ягоналиги ва табақалаштирилганлиги; инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олиши ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, таълим турлари қуйидагилардан иборат:

мактабгача таълим ва тарбия;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;

профессионал таълим;

олий таълим;

олий таълимдан кейинги таълим;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

мактабдан ташқари таълим.

Юқорида қайд қилинган таълим турларидан бири мактабгача таълим ва тарбиядир.

Барчамизга маълумки, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида биринчи маротаба “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг 6-моддасида ҳар бир бола мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлаши, боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишига доир давлат кафолатлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари негизида мактабгача таълим ва тарбия хизматларини кўрсатиш, шунингдек таълим ва тарбия беришнинг муқобил шаклларини ташкил этиш орқали таъминланиши белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг ўзига хос хусусиятлари таълим соҳасига бир қатор янгиликлар киритилганлигида намоён бўлади. Жумладан, унда белгиланган масофавий таълим ҳақидаги қоидалар ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб олишга қаратилган.

Шунингдек, қонунда дуал таълимга оид қоидалар белгиланиб, у таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни олишга қаратилган бўлиб, уларнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисми эса таълим олувчининг иш жойида амалга оширилади.

Шу билан биргаликда, катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш ҳақида қоидаларда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш бу бутун умр давомида ўқитишнинг марказий таркибий қисми бўлиб, таълим бериш ҳамда ўқитишнинг жамият ҳаётида ва меҳнат фаолиятида катта ёшдагиларнинг иштирок этишини таъминлашга қаратилган барча шаклларини ўз ичига олиши, шунингдек расмий, норасмий ва информал ўқитиш жараёнларининг бутун мажмуини қамраб олиши баён этилган.

Бундан ташқари, қонунга инклюзив таълим тўғрисидаги қоидалар киритилиб, унга биноан, инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этади.

Худди шундан, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 17-моддасида мактабгача таълим ташкилотлари турлар белгиланган бўлиб, унга кўра инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилоти ушбу турларга киритилган.

Шунингдек, Инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, уларни соғлом муҳитга уйғунлаштириш орқали таълим ва тарбия олиши учун тенг имкониятлар таъминланади.

Қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлари бўлган болаларнинг ва ривожланишида нуқсонлари бўлмаган болаларнинг битта ташкилотда алоҳида гуруҳларда, шунингдек инклюзив гуруҳларда биргаликда ўқишини ҳамда тарбияланишини ташкил этишга қаратилган мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастури амалга оширилиши таъминланади.

Хулоса сифатида шуларни эътироф этиш жоизки, “Таълим тўғрисида”ги мазкур қонун таълим соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга ўзининг муносиб хиссасини қўшади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Мактабгача таълим вазирлиги

Юридик бошқарма бошлиғи ўринбосари

 

Кадиров Анвар Хуррамович