Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг 2019 йил 17 ноябрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи

2019 йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бошчилигидаги вазирлик ишчи гуруҳи ҳамда Сингапур Республикасининг Indorama Corporation компанияси вакиллари икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида Сирдарё вилоятининг Сардоба туманига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги делегациясининг 2019 йил 5-9 ноябрь кунидаги Сингапур Республикасига расмий ташрифи жараёнидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва мактабгача таълим тизими тажрибаларини ўрганиш юзасидан белгилаб олинган келишувларни амалга ошириш, Сингапур давлати мактабгача таълим тизими тажрибаларини амалиётга татбиқ этишда Сардоба туманидаги 10-сонли ҳамда 13-сонли мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник ҳолати, мазкур ташкилотларда болаларни мактаб таълимига тайёрлаш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Мактабгача таълим вазири А.Шин мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш жараёнида гуруҳлардаги тарбияланувчиларни модулли мактабгача таълим ташкилотига кўчириб ўтказиш, қурилиш ишлари якунлангандан сўнг, қамраб олинмаган мактабгача ёшдаги болаларни тўлиқ қамраб олишга имкониятлар туғилиши, жиҳозлаш жараёнида болаларнинг эркин ҳаракати учун ўйин майдончалари ўрнатилиши, болаларнинг ётоқ ўринлари учун йиғиладиган мобиль матраслар, замонавий жиҳозлар билан таъминланиши, хона хароратини мўътадиллигини сақлаш мақсадида иссиқ пол ўрнатиш масалалари тўғрисида тўхталди.

Меҳмонлар Сардоба туманидаги 13-сонли мактабгача таьлим ташкилотининг моддий-техник ҳолати билан яқиндан танишди.

Ташриф жараёнида мазкур мактабгача таълим ташкилоти биносида реконструкция ишларини амалга ошириш, эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ташкил этиш масалалари режалаштириб олинди.

Ташриф давомида хорижий инвесторлар ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги Сингапур давлати мактабгача таълим тизими тажрибаларини амалиётга татбиқ этишда, Сирдарё вилоятини пилот ҳудудга айлантириш, мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда икки томонлама самарали ҳамкорлик ўрнатилиши ва тажриба алмашишни фаоллаштиришга умид билдирди.