ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ ВА БОШ ПРОКУРАТУРА ТОМОНИДАН ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҚИБРАЙ ТУМАНИДА 25-СОНЛИ ДАВЛАТ МТТ ФАОЛИЯТИ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ТЕКШИРУВ НАТИЖАЛАРИ ҲАҚИДА РАСМИЙ МАЪЛУМОТ

Текшириш давомида қуйидаги ҳуқуқбузарликлар аниқланди:

  • Ҳақиқатда ишламайдиган ходимларни турли вазифаларга расмийлаштириш (ўлик жонлар) орқали пул маблағлари ноқонуний хисобдан чиқарилган.
  • Болалар мактабгача таълим ташкилотига ноқонуний қабул қилинган ва ушбу болалар учун тўланган ота-она тўловлари ғазнага кирим қилинмаган.
  • 2018-2019 йилларда жами 180,4 млн.сўмлик гўшт, сут ва бошқа бошқа озиқ-овқат махсулотлари асоссиз хисобдан чиқарилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай туман бўлими Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида ўтказилган терговга қадар текширувда, 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахслари томонидан 2018-2019 йилларда жами 180,4 млн. сўмлик гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 19.11.2019 йилда Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг 27.11.2019 йилдаги буйруғига асосан Қибрай туманидаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси З.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида етарли даражада назоратда бўлмаганлиги учун, бу соҳа танг аҳволга тушиб қолган, тизимда қонунбузарлик ва суиистеъмолликларни олдини олиш учун жойларда назорат ишларини кучайтириш зарурлигини талаб этмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги бюджет маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилиши ва камомадларга йўл қўйиш ҳолатларини аниқлаб, барча текшириш хужжатларини Бош прокуратурага юбормоқда.

Маълумот ўрнида: Мактабгача таълим вазирлигининг Ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати томонидан 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида жами 18,6 млрд.сўмлик молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланган 416 та текшириш хужжатлари қонуний чора қўриш учун ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига юборилган.