Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2021 йил учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ҳақида маълумот 

Қарор лойиҳасида 2021 йил учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (2821-сон, 23.08.2016й.) га асосан давлат мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун ота-оналардан ундириладиган тўловлардан тушган маблағлар болани овқатлантириш харажатларига, шунингдек, ота-оналардан тушган маблағларнинг 5 фоизидан ортмаган қисми ташкилотнинг моддий-техника базасини яхшилашга, авваламбор, санитария-гигиена воситалари ва юмшоқ инвентарлар харид қилишга йўналтирилади.
Амалда давлат мактабгача таълим ташкилотларига ота-оналар тўловидан тушган маблағлар тўлиқлигича болани овқатлантириш харажатларига йўналтириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳисоботларига кўра, 2020 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўртача ўсиш даражаси 15,3%ни ташкил этган. Хусусан, нон маҳсулотлари 15,2%, гўшт, парранда гўшти ва балиқ нархлари 18,1%, сут маҳсулотлари нархи 11,5%, тухум нархи 37,6%, мевалар, сабзавотлар ва картошка нархлари 11,9%, ёғ ва мойлар 27%, шакар, чой ва бошқа маҳсулотлар 11,8% ошган.
“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида” қонунга асосан 2021 йилда истеъмол нархлари индекси 9-10% миқдорда бўлиши прогноз қилинган.
Шунга кўра, қарор лойиҳасида давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорларини 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўртача 15% ошириш кўзда тутилган.
Мазкур қарор лойиҳасини амалиётга жорий этилиши муносабати билан давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилиши талаб этилмайди.
Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали (project.gov.uz ID-28338 (V-1)) жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.