Қўқонда вазир педагогика коллеж  директори билан учрашди

Мактабгача таълим вазири жорий йилнинг 6 февраль куни Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўқон педагогика коллежини  кўздан кечирди. Вазир коллеж биносининг таъмирлаш ишлари билан танишар экан, уларга ўз тавсияларини бериб, коллеж қошида ДМТТ ташкил этиш лозимлигини айтди.   Вазир ўз тарихига эга Қўқон педагогика коллежининг 100 йиллигини муносиб нишонлаш масалалари юзасидан топшириқлар берди, барчага маълумки ушбу коллежнинг асосчиси ўзбек математики ва фан тарихшуноси, академик  Тошмуҳаммад Ниёзов Қори-Ниёздир, олим томонидан тамал тоши қўйилган илк кучли мактаб ўз фаолиятини етук мутахассисларни етиштиришини давом эттириши кераклигини вазир эътироф этди. 
Сўнг,  коллежнинг кутубхонасида Фарғона вилоятидаги барча коллеж директорлари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда вазир мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар борасида тўхталиб, болажонларга таълим-тарбияни берадиган малакали, етук педагогик кадрларни етиштиришда барча масъул эканлигини директорларга уқтирди. 
“Биз бугунги кун шиддати билан олиб борилаётган жараёнларда фаол иштирок этиб, инновацион методикалар орқали ўз фаолиятимизни ривожлантиришимиз даркор. Ҳар битта болажоннинг дунё қараши ўзи бир олам, уни янада серқирра фикрлаши тарбиячиларнинг болажонларга берадиган таълим-тарбиясига боғлиқ” –  дея сўзлади вазир.