Қашқадарё вилояти: давлат МТМларни қамраб олиш ва ривожлантириш истиқболлари

Ҳурматли Қашқадарё вилояти аҳолиси, ўтган ҳафта интернет тармоғида Ўзбекистон президентига йўлланган, ҳудудингиздаги мавжуд муаммолар ҳақида сўз юритилган видеомурожаат тарқалди. Видеомурожаатдаги бандлардан бири мактабгача таълим соҳасига тегишлилиги боис, Мактабгача таълим вазирлиги давлат мактабгача таълим муассасаларининг (МТМ) айни дамдаги сони аҳоли эҳтиёжларини тўлалигича қондирмаслигини англаган ҳолда, мазкур масала бўйича амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда кейинги ҳаракатлар юзасидан тўхталиб ўтишга қарор қилди.

Дастлабки шарҳлар:

• республикада ўтган йиллар мобайнида МТМлар сони сезиларли даражада қисқарди;

• республика бўйича энг юқори туғилиш кўрсаткичлари Қашқадарё вилоятида кузатилмоқда.

Жорий ҳолат:

• Қашқадарё вилоятида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи республика бўйича 38,1 фоизга нисбатан 25,8 фоизни ташкил этади. Нишон туманида ушбу кўрсаткич 36,9 фоизга тенг (Нуристон шаҳарчасида – 53,6 фоиз);

• янги МТМларни қуриш учун ажратиладиган маблағлар барча ҳудудлар ўртасида тақсимланади, чунки давлат МТМларининг етишмаслиги бутун республика бўйича кузатилмоқда. Айниқса, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш масаласи Сурхондарё вилоятида (20,7 фоиз), Тошкент вилоятининг Охангарон туманида (12 фоиз), Бухоро вилоятининг Олот туманида (18,6 фоиз) кескинроқ тус олган;

• Нуристон шаҳарчасидаги давлат МТМга навбатда 497 нафар болалар турибди.

Қашқадарё вилоятида нималар амалга оширилди:

• Қашқадарё вилояти бўйича 2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастурига республика бўйича энг кўп объектлар сони киритилди, яъни 100,2 млрд. сўмга 6 та янги МТМнинг (1185та жой) қурилиши ва 15та МТМнинг (1590та жой) реконструкция қилиниши;

• 2018 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доирасида 49,5 млрд. сўмга 31та МТМлар (2900та жой) таъмирланди.

Қашқадарё вилоятида нималар амалга оширилмоқда:

• 2019 йилга мўлжалланган реконструкция дастурига 43та МТМлар киритилди. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига молиялаштириш барча 43та объектга нисбатан очилган (100 фоиз);

• 2019 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 14,4 млрд. сўмга 9та МТМларда (1000та жой) таъмирлаш ишлари назарда тутилган;

• болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича қуйидаги кўрсаткичларга эришиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда: 2019 йилнинг якунига қадар 37,3 фоиз, 2020 йилнинг якунига қадар 47,6 фоиз, 2021 йилнинг якунига қадар 56,8 фоиз.

Нуристон шаҳарчасида нималар амалга оширилади:

• Нуристон шаҳарчаси 2020 йилга мўлжалланган қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дастурига киритилди. 2020 йилда шаҳарчада 240та жойли МТМ қурилади ва фаолият юритаётган 18-сонли МТМ ҳудудидаги 120та жойли бино қуриб битказилади.