Қашқадарёлик Ваҳоб Норсафаровнинг Президентга йўллаган видео мурожаати ўринлими? Видео мурожаат юзасидан расмий муносабат

Ҳақиқатдан ҳам Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда мурожаатчининг фарзанди Норсафарова Феруза Ваҳобовна муассислигидаги “Real Kelajak” НТМ билан 2019 йил 6 майда давлат-хусусий шерикчилик асосида қуввати 125 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш учун 0261-944/05-сонли битим имзолаган.

Ушбу битимга асосан лойиҳа қиймати 2 700,0 млн. сўмни ташкил этиб, шундан 2 000,0 млн. сўм қисми вазирлик томонидан йўналтириладиган имтиёзли кредит маблағлари ва 700,0 млн. сўм қисми ташаббускор маблағи ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур битимда томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари келтирилган бўлиб, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан олинган мажбуриятлар тўлиқ бажарилган.

Хусусан, 2019 йил 5 августда ажратилган ресурс маблағлари ҳисобидан 2 000,0 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари тадбиркорга тўлиқ ажратиб берилган.

Тадбиркор томонидан ажратилган имтиёзли кредит маблағи ва ўз маблағи ҳисобидан реконструкция ишлари 2019 йил 25 сентябрда тугатилган ҳамда 7 октябрда давлат қабул комиссияси далолатномаси расмийлаштирилган. Ҳозирги кунда ушбу нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини юритиб келмоқда.

Ушбу ташкилот муассисининг отаси (бошқарувчиси) Норсафаров Ваҳоб Мерганович томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига, Мактабгача таълим вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили омбудсманга, вилоятда ташкил этиладиган Сайёр қабулларда ҳамда ижтимоий тармоқларда “Real Kelajak” НТМга педагог ишчи ходимлари иш ҳақига сарфланадиган харажатларни қоплаш учун Республика бюджетидан субсидиялар ажратиш масаласида такрорий ёзма, оғзаки ва видео мурожаатлари келиб тушмоқда.

Таъкидлаш лозимки, “Real Kelajak” НТМ билан имзоланган битим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
22 ноябрдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик шаклларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
944-сонли қарори билан тасдиқланган низомга кўра тузилган бўлиб,
бу шаклда тузилаётган битимларда ташкилот ишчи ходимларининг иш хақларини давлат бюджети ҳисобидан қопланиши кўзда тутилмаган.

Ушбу низомга кўра “Real Kelajak” НТМ томонидан қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиб келмоқда:

  •  15 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 1 фоизлик ставкада 2 000,0 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағи берилган;
  • нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган сумманинг 50 фоизига қадар миқдорда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиб келинмоқда;
  • НМТТ ўз фаолиятини амалга ошира бошлагандан кейин ўн йил мобайнида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган;
  • Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган ойдан бошлаб ўн йил муддатга ягона ижтимоий тўлов ставкаси 5 фоиз миқдорида тўлов амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги
ПҚ-3651-сонли қарори 97-банди охирги хатбошисида “мактабгача таълим муассасасининг раҳбарлари, методистлари, тарбиячилари, дефектологлари, психологлари, мусиқа ходимлари иш ҳақига сарфланадиган харажатларни қоплаш учун давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган шартларда қўшимча бюджет субсидияларини олиш ҳуқуқига эга” эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу банд қарорда санаб ўтилган давлат-хусусий шерикликнинг
9 та шаклидан бири, яъни 12-бобда келтирилган шаклига тегишли бўлиб, бунда хусусий шерик мулки негизида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларини моддий таъминлаш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби ва имтиёзлари белгиланган.

Ушбу бобда келтирилган имтиёз, мактабгача таълим соҳасидаги давлат-хусусий шерикликнинг бошқа шаклларига тадбиқ этилмаслиги кўрсатиб ўтилган.

“Real Kelajak” НТМ томонидан ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти моддий таъминлаш шаклида эмас, балки эски меҳмонхона биносини вазирлик томонидан йўналтирилган имтиёзли кредит ҳисобидан реконструкция қилиб, жиҳозлаш орқали юқоридаги 944-сонли қарор асосида ташкил этилган.

“Real Kelajak” НТМ бошқарувчиси В.Норсафаровнинг шу мазмундаги аввалги мурожаатларига вазирлик томонидан 2019 йил
2 октябрда 03-02/1-2787-сонли, 30 октябрда 03-02/1-3200-сонли, 2020 йил 22 апрелда 03-04/2-1091-сонли, 2 июнда 03-03/3-1282-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Д.Касимовнинг 2020 йил 14 майдаги Х-14/20-1345-сонли хатига 2020 йил 18 майда йўлланган 03-03/3-1201-сонли хатлар орқали жавоб хатлари юборилган.

Шунингдек, мурожаатларда “Real Kelajak” НТМга педагог ходимлар ойлик маошига субсидия олиш мақсадида бугунги кунда амалда бўлиб турган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга (ПҚ-3651-сонли ва ВМҚ-944-сонли қарорлари) ўзгартириш киритиш таклифи киритилган.

Амалдаги ушбу қарорларга тегишли ўзгартириш киритилиши мактабгача таълим соҳасида жорий этилган давлат-хусусий шериклик шаклларининг мазмуни ва моҳиятини кескин ўзгаришига олиб келиши ҳамда давлат бюджетидан қўшимча сарф-харажатларни талаб этишини инобатга олган ҳолда мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.

         Фуқаро В.Норсафаровга бир неча бор юқоридаги қарорлар мазмуни бўйича тушунча берилишига қарамасдан, ўзининг такрорий видео мурожаатларида давлатимиз томонидан “Real Kelajak” НТМга тақдим этилган имтиёзларга тўхталиб ўтмасдан, икки томонлама имзоланган битимда белгиланган мажбуриятларни бажармаслик мақсадида ҳукумат ва вазирлик раҳбарларига нисбатан асоссиз ва ноўрин фикрларни билдириб келмоқда.

         Фуқаро В.Норсафаров томонидан мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга яратилган имтиёз ва имкониятларни нотўғри талқин қилиб келаётганлиги, ҳалқимиз ва тадбиркорлар ўртасида норозилик кайфиятини уйғотишга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати