Қонликўлдаги 1-сонли ДМТТ директори лавозимидан озод этилди

Жорий йилнинг 31 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг ходимлари томонидан ташкилот раҳбарини лавозимдан олиш учун кўчада намойиш уюштирилган видео лавҳалари жамоатчиликка кенг тарқалди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республиккаси мактабгача таълим вазирлигининг Ички аудит хизмати томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани давлат мактабгача таълим ташкилотида 2021йил  январь ойида ўрганиш ўтказилди. 1-сонли ДМТТнинг директори Э.Бекбергенованинг ўз лавозимида 31.01.2018 йилдан 21.12.2020 йилга қадар ишлаб келган. Директорнинг устидан ходимлар томонидан келиб тушган шикоятларни ўрганиш мақсадида Ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Ўрганиш давомида МТТ раҳбари томонидан 399,2 млн. сўмлик молиявий хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Жумладан:

ДМТТга ҳар хил лавозимларга ишга расмийлаштирилган 5 нафар фуқаролар ДМТТда ишламаган ва вазифа бажармаган бўлсада, уларнинг номига 24,0 млн. сўм иш ҳақи ёзилиб тўланган;

2018-2021 йилларда 33 нафар ходимларнинг мутахассислиги тўғри келмасада қўшимча иш вазифалари нотўғри юкланиб ҳамда ушбу вазифалар бажарилмаган бўлсада, уларга 28,9 млн.сўм иш ҳақи ортиқча тўланган.

16 нафар ходимларга 1,0 бирликдан ортиқ иш вазифалар юкланиб, иш вазифалар учун тўланган 46,9 млн.сўм иш ҳақи ходимларнинг тушунтириш хатларига кўра CLICK хизмати орқали ДМТТ мусиқачиси ва ДМТТ директори Э.Бекбергенованинг пластик карточкасига ўтказиб берилган ҳамда шундан 8,5 млн.сўм иш ҳақи ҳақиқатда бажарилмаган иш хажми учун тўланган.

ДМТТда 1,0 бирликда методист лавозимида ишлаган Г.Отеповага 2020 йил январь ва февраль ойларида меҳнат қонунчиликда зид равишда туман МТБ томонидан қўшимча 0,5 бирлик иш юритувчи ва 0,5 бирлик сектор бошлиғи вазифалари юклатилган ва 838,5 минг сўм ўриндошлик учун ортиқча тўланган, Г.Отеповага 2019 йил ноябрдан 2020 йил февраль ойигача ДМТТдаги методист вазифаси учун тўланганлиги расмийлаштирилган иш ҳақининг 60 фоизи 7,1 млн.сўм ДМТТ директори Э.Бекбергенованинг пластик карточкасига CLICK хизмати орқали ўтказиб келинган.

 ДМТТ директори томонидан 3,63 бирлик штат бирликларига ходим олмасдан ва бўш иш ўрни бўйича тегишли меҳнат органларига ҳисоботлар топширмасдан меҳнат қонунчилиги бузилган.

ДМТТ директори Э.Бекбергенова томонидан 1 та тарбиячи ёрдамчига
2018 йил октябрь ойидан 2019 йил декабрь ойигача ўзининг уйида ҳар хил турдаги маиший ишларни, 2 та қоровулга 2020 йил 5 ой давомида ўзининг эски уйини буздириб янги уй қурдирган бўлсада, ушбу давр мобайнида иш вазифасини бажармаган 2 та қоровулга ва 1 та тарбиячи ёрдамчига бюджет ҳисобидан жами 16,1 млн. сўм иш ҳақи ортиқча тўланган ва ДМТТ учун ажратилган штат бирликларидан ўз манфаат йўлларида фойдаланган.

   Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш меъёрларига амал қилинмасдан 1,9 млн. сўм иш ҳақи ортиқча тўланган.

Озиқ-овқат маҳсулотларини кунлик таомномаларга қўшиб ёзиш натижасида 7,3 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари асоссиз ҳисобдан чиқарилган.

2018-2020 йилларда 5,7 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари меъёрдан кўп таомномага киритилиб, ортиқча ҳисобдан чиқарилган.

ДМТТ моддий жавобгар шахси томонидан ҳамда марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати ходимлари назорат ташкил этилмаганлиги натижасида 5,2 млн. сўмлик озиқ-овқат ва 50,9 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар камомади ҳамда 0,7 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ортиқчалигига йўл қўйилган.

ДМТТ омбор мудири ва ошпазлари тушунтириш хатларига кўра, ДМТТда 2018-2020 йилларда таомномада ёзилган гўшт ва сут маҳсулотларининг ярими яъни 4932 кг 159,6 млн.сўмлик гўшт ҳамда 15 504,5 литр 53,1 млн.сўмлик сут маҳсулотлари қозонга солинмаган. 

Ўрганиш ҳужжатлари қонуний қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туман бўлимига топширилган. Шунингдек, вазирлик буйруғига асосан 21.12.2020 йил лавозимидан озод этилди.

24-25 март кунлари суд қарорига асосида Э.Бекбергенова лавозимига қайта тикланган. Шундан сўнг, МТТ ходимлари ўз норозилик намойишларини уюштирган.

5 апрель куни Қорақолпоғистон Республикаси МТВнинг маълум қилишича 1-сон МТТ директори Э.Бекбергенова қайта лавозимидан четлаштирилди.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати