​Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт!

“Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди.

У халқларинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва

амалий ишларида намоён бўлади.

Шунинг учун ҳам у қудратлидир”

Ш. Мирзиёев

Ҳозирги кун ёшларига, келажак авлодларга тарихни ўргатмоқлик, у билан фаҳрланиш ҳиссини сингдирмоқлик бу ота-боболаримизгаҳурмат бажо келтириш билан тенгдир.Ўтмишда бўлган барча воқеа–ҳодисалар ҳозирги Янги Ўзбекистон деб аталмиш Ватаннинг юксалишига асос бўлганлиги чин ҳақиқат. Зеро ўтган воқеийликни унутиш, унга бефарқ бўлиш мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрда “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида” қарори имзоланди. Бу эса фашизм устидан қозонилган ғалабада бизнинг ота-боболаримизнинг роли нечоғли муҳим бўлганлигини кўрсатади.

Барчамизга маълумки, иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингдан зиёд ватандошларимиз жанг майдонларида мардонавор, қаҳрамонона иштирок этди. Ватандошларимизнинг неча юз мингтаси жангоҳларда қолиб кетган бўлса, қолганлари бир умрга татигуликҳотиралар билан уйларига қайтдилар. Уларнинг сўнмас жасорати, қаҳрамонлиги, жонбозлиги унутилмас ҳотирага айланди. Миллатпарвар ҳалқимиз қанчадан-қанча уйсиз, ватансиз қолган одамларга бошпана берди, бир бўлак нонини, борини улар билан баҳам кўрди.

Айниқса, аёлларнинг матонати, сабри-садоқатига тан бермасдан иложимиз йўқ. Уларнинг уруш йилларида кўрсатган жасорати таҳсинга лойиқ. Оналар уруш майдонига ўз жигарбанди, кўзининг оқу-қораси фарзандларини юбориб, чин етим қолган ўзбек тили, маданиятини тушунмайдиган қанчадан қанча болаларни бошини силадилар, ўз фарзандидек суйдилар.

Умр йўлдошини урушга кузатиб, аёл бўлишига қарамай эркак киши бажарадиган барча юмушларни ўзининг нозик бўйнига олиб оғир меҳнат фронтида ҳизмат қилди. Ғалабага эришиш учун ўз ҳиссасини қўшди. Албатта бу каби садоқат, матонат намуналари ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнакдир.

9-май куни мамалакатимизда “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида белгиланиб, кенг нишолланиши юртимизда инсон хотираси нақадар азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканининг бир намунасидир. Бу эса ўз ўрнида ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган. Аждодларимизнинг бизнинг бугунги кунимиз учун мардонавор курашини қадрлашимиз ва ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

1941 – 1945 йилларда бутун дунё бошига мислсиз кулфатлар ёғдирган иккинчи жаҳон уруши қалбларда мангу сақланиб қолади ва жангларда мардонавор жонбозлик кўрсатган аждодларнинг хотираси асло унутилмайди.

Рискулова Камола Джуммаевна Мактабгача таълим вазирининг маслаҳатчиси