​БУХОРОДА ЯНГИ МТТлар ИШ БОШЛАДИ

Таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишда қулай шарт-шароитларнинг яратилганлиги алоҳида аҳамият касб этади. Янги объектларнинг қурилиши, мавжудларининг кенгайтирилиб, уларни замонавий ва зарурий жиҳозлар билан таъминланиши мактабгача таълим муассасалари қамровини оширишда муҳим ўрин тутади.

2019 йил давомида Инвестиция дастури доирасида вилоятда 45 та, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 34 та, вилоят ташкилотларининг ҳомийлиги асосида 3 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида турибди.

Куни кеча Бухоро туманида ҳам инвестиция дастури доирасида 2 та МТТ иш бошлади.

«Туркон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4-сонли мактабгача таълим ташкилоти янгидан қуриб, фойдаланишга топширилди. Барча қулайликларга эга бўлган мазкур бинонинг ишга тушиши маҳалла аҳли учун катта шодиёнага айланди.

«Муассаса биноси эски, таъмирталаб бўлиб, у неча йиллардан буён фаолият кўрсатмасдан хароб ва ташландиқ аҳволга келиб қолганди,»-дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Эмма Аслонова.
-Жорий йилги инвестиция дастури асосида эски бино ўрнида икки қаватли замонавий иншоот қад ростлади. “Намунали қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан олиб борилган бунёдкорлик ишларига 3 миллиард 375 миллион сўм маблағ сарфланди. Ўйин майдончалари, ошхона, мусиқа ва спорт заллари замонавий жиҳозланди.

125 ўринга мўлжалланган ташкилотда айни пайтда 5 та гуруҳда жажжи болажаонлар қамраб олинган бўлиб, таълим-тарбия жараёнини 10 нафар тарбиячи ходим олиб бормоқда. «Кундалик машғулотлардан ташқари бу ерда рус, инглиз тили, шахмат, шашка тўгараклари фаолиятини йўлга қўйишни мўлжаллаяпмиз. Бундан ташқари, боғчада озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли, хавфсиз ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда тайёрланишига жиддий эътибор қаратилади. Тарбияланувчиларга белгиланган стандартларга мувофиқ, сифатли, тўйимли ҳамда фойдали таом ва егуликлар тайёрлаб берилади. Бу жуда муҳим»- деди туман мактабгача таълим бўлими мудири Эмма Аслонова.

Тадбир сўнггидаги жажжи тарбияланувчиларнинг мусиқали чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тумандаги “Қавола Маҳмуд” маҳалла фуқаролар йиғини “Қавола” қишлоғидаги 42-сон мактабгача таълим ташкилоти ҳам инвестиция давлат дастури доирасида реконструкция қилиниб, тамоман янгича кўриниш олди. Куни кеча мазкур муассасанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ҳокими Қаҳрамон Дўстов сўзга чиқиб, “Қавола” қишлоғи аҳолисини табриклади ва янги қурилган мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, аҳлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганлигини алоҳида эътироф этди.

МТТнинг очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирок этишди.