​Давлат-хусусий шерикчилиги биз ўйлаган кўринишда.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Хоразм вилоятига сафари чоғида ДХШ асосида барпо қилинган ва 120 ўринга мўлжалланган умумий намунадаги «Sanabar bog’chasi» МТТга ташриф буюрди.

МТТ ташқи ва ички томони, жиҳозланиши умумқабул қилинган сифат меъёрларига жавоб беради. Ушбу МТТдаги педагогларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, айримлари фан номзоди илмий даражасига ҳам эга.

Ошхона ва таом сифатига катта эътибор қаратилган. Маълум қилинишича, ошхона энг янги профессионал техникалар билан жиҳозланган. Барча таомлар, нон маҳсулотлари ва ширинликлар шу ернинг ўзида тайёрланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 2,7 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 1,9 млрд сўми имтиёзли кредитни ташкил этади.

Тадбиркор, шунингдек, узоқ ҳудудлардаги болаларни ташиш учун ўз ҳисобидан иккита микроавтобус харид қилган.

«Барча МТТлар ушбу ташкилотдек бўлганида эди, фарзандларимиз энг яхши шароитларда тарбияланган бўлар эди», – дея қайд этган вазир.