​ГИМНАСТИКАЧИЛАР ФЕСТИВАЛИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЯКУНЛАНДИ

Бухоро вилояти,

Болаларни спортга жалб қилиш, улар орасидан иқтидорлилари саралаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, спортнинг бадиий гимнастика турини мактабгача ёшдаги болалар ўртасида ривожланишини тарғиб қилиш мақсадида Бухоро вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят жисмоний-тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган “Бирга ўсамиз ва ривожланамиз” шиори остидаги гимнастикачилар фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Бухоро шаҳридаги “Ҳумо” гимнастика марказида тантанали тарзда бошланган тадбир аввалида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ўринбосари Гулшод Каримова сўзга чиқиб, мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, айниқса, хотин-қизлар учун бу борада кўплаб имкониятлар яратилаётганини эътироф этди ва иштирокчиларга омад тилади.

Тадбирда шаҳар, туман босқичларида сараланган жамоалар ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Ранг-баранг чиқишлар, бир-бирини такрорламас намойишлар болажонларнинг бу спорт турига қизиқишлари юқори эканлигини кўрсатди. Жамоаларнинг ҳар бир чиқишлари бадиийлик, техник ижро, ўзига хослик мусиқа ва ҳаракатлар уйғунлиги мезонлари асосида ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, Бухоро шаҳри вакиллари 1-, Пешку тумани жамоаси 2-, вобкентлик ёш гимнастикачилар эса 3-ўринни қўлга киритишди. Фаол иштирок этган жамоаларга муносиб равишда “Энг яхши хореография”, “Энг яхши гимнастикага оид элементлар жамланмаси ”, “Бетакрор копмозиция”, “Энг яхши образ”, “Энг яхши уйғун жамоа”, “Энг яхши ритм”, “Энг яхши бадиий жамоа”, “Энг шўх жамоа”, “Энг яхши гимнастикага оид кийимлар жамланмаси”, “Энг аҳил жамоа”, “Энг тартибли жамоа”, “Энг қувноқ жамоа” каби каби наминациялар берилди ва диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.