​Мактабгача таълим педагогининг касбий мезони лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва ЮНИСЕФ халқаро болалар фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иштирокидаги идоралараро Ишчи гуруҳининг давра суҳбати

2020 йил 14 февраль куни Miran International меҳмонхонасида ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармасининг техник кўмагида «Мактабгача таълим педагогининг касбий мезони» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. У Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 16 декабрдаги «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги №595-сон қонунини ҳаётга татбиқ этиш доирасида уюштирилди. Давра суҳбатида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, ХТВ, ОЎМТВ, БММВ, Низомий номидаги давлат педагогика университети, Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институт мутахассислари иштирок этди.

Мажлисда Педагог кадрлар сифатини ошириш ва педагогика коллежлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи К. Олимов, ЮНИСЕФ таълим бўлими раҳбари Дипа Шанкар, ЮНИСЕФ таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Умида Исломова, ЮНИСЕФ халқаро эксперти Мажена Рафальскалар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Учрашув чоғида, халқаро эксперт Мажена Рафальска халқаро тажриба билан ўртоқлашди. «Мактабгача таълим педагогининг касбий мезони» лойиҳаси муҳокама қилиниб, мазкур лойиҳага қўшимча ва таклифлар киритиш бўйича келгуси қадамлар қайд этилди.

«Ўзбекистон мактабгача таълим соҳасидаги асосий масала, ундан фойдаланиш имконияти сезиларли кенгайганидан сўнг, мактабгача таълим ташкилотлари иш фаолиятининг сифатидир. Сифат – бу кўп таркибли ҳодиса бўлиб, жисмоний муҳит/инфратузилма ҳамда таълим-тарбиявий жараён сифатини бирдек мужассамлаштиради.

Сифатнинг бош омили ўқитувчи/тарбиячи ҳамда болалар билан ўзаро муносабатларга доир «Илк қадам» Давлат таълим дастури негизини ташкил этувчи кичик ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантиришга бўлган Давлат талабларига мувофиқ, унинг болалар ривожида яхши натижаларга қандай қилиб эриша олиши билан боғлиқдир.

Ўқитувчи/тарбиячининг ишлаш стандартини аниқлаб олиш ва мактабгача таълим педагог кадрлари ривожига саъй-ҳаракатларни йўналтириш ўта муҳим. Олий ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини педагогнинг 6та асосий касбий вазифаларига таянувчи янги касбий мезонига мувофиқ бўлишини таъминлаш учун қайта кўриб чиқиш зарур», – дея қайд этди Мажена Рафальска.

Ўзбекистон Республикаси МТВ ўқув-тарбиявий жараён сифатини ошириш устида доимий ишларни олиб бормоқда. Ҳозирги кунда, мактабгача таълим тизимининг 34,6 фоиз педагоглари олий маълумотга эга, қолган 65,4 фоизи — ўрта махсус таълимга эга тарбиячилардир. Республиканинг айрим ҳудудларида МТТларда ишлайдиган кадрлар тақчиллиги кузатилмоқда.

2019-2020 ўқув йилида «Мактабгача таълим» йўналишида Олий ўқув юртларига йўлланмалар билан қабул қилиш квоталари 2,3 мингдан 5,8 мингга оширилди.

Шунингдек, 2020 йили юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Тошкентда Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети филиалини очиш режалаштирилган.

Педагогика коллежлари негизида педагоглар маҳоратини ошириш услубий марказлари ташкил этилмоқда. У ерда ҳар шанба куни ўқув курслари ва тренинглар ташкил этилмоқда. Педагоглар Ўзбекистон МТВ томонидан ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ташкил этилаётган ҳамда коллежларнинг юқори малакали педагоглари ҳамда кадрлари ўтказаётган семинар-тренингларда қатнашмоқда.

Ўтган 2 йилда 7 минг педагог ва 2,8 минг раҳбар ходимлар малака ошириш курсларидан ўтишди. 38,4 минг мутахассис ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда тайёрланган каскад тренингларда иштирок этди. 2020 йилда ўқув курсларидан ўтувчи педагоглар сони яна ортади.

Шунингдек, республикадаги университетлар билан МТТлар учун педагог кадрларни сиртқи ва таълимнинг махсус шаклларида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича биргаликда иш олиб бориляпти. 2019 йилда МТТларнинг 4296 раҳбар ва мутахассислари Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида қайта тайёргарликдан ўтишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг беш ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида болаларни ҳар томонлама ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2020 йили МТТларда хореограф ва иккинчи тил ўқитувчиси штат бирликлари пайдо бўлади ҳамда услубиётчилар учун қўшимча иш соатлари жорий этилади.