​МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ КОРЕЯ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК АГЕНТЛИГИ БИЛАН АХБОРОТ ВА ПЕДАГОГИК ТЕХНОЛОГИЯЛАР ИННОВАЦИОН МАРКАЗИНИ ҚУРИШДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ.

Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Корея Халқаро Ҳамкорлик (КОICА) агентлиги ҳамда Кореянинг бошланғич таълим соҳасидаги етакчи эксперт ва консултантларини қабул қилди.

Учрашувда KOICA раҳбарияти билан мактабгача таълим тизимини ривожлантиришни давом эттириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин юртимиздаги мактабгача таълим тизимига инновацион замонавий педагогик ва ахборот–коммуникация технологияларини татбиқ қилиш, кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани ва бу борада янгича ёндашувлардаги Корея Республикасининг илғор тажрибаси ва ҳамкорлигини юқори баҳолади.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда мактабгача таълимни ривожлантириш, унга инновацион технологияларни татбиқ этиш мақсадида инновацион МТТ ҳамда Корея Республикасининг илғор тажрибаси асосида мутахассисларни қайта тайёрловчи инновацион ўқув maркази ташкил этиш ҳақида келишиб олдилар. Вазирлик томонидан лойиҳанинг концепцияси ва мақсади юзасидан кореялик эксперт ва консултантларнинг саволларига батафсил жавоб берилди. Корея Республикаси вакиллари томонидан мазкур лойиҳада ҳамкорлик қилувчи мактабгача таълим тизимидаги кучли мутахассис ва профессорлардан таркиб топган ишчи гуруҳ таништирилди.

Корея Республикасининг илғор тажрибаси асосида ташкил этилаётган Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион марказ лойиҳаси “Болаларни эрта ривожлантириш маркази” ва Инновацион мактабгача таълим ташкилотини ўз ичига олади. Ушбу лойиҳа мактабгача таълим ходимларининг малака сифатини яхшилаш, ихтисослаштирилган соҳа ходимларининг тажриба ва малакасини ошириш шунингдек, сезиларли даражада мактабгача таълим қамровини кенгайтириш имконини беради. Бундан ташқари, МТВ инновацион ўқитиш услубиётларини қўллаш ва талабаларни қамраб олиш бўйича ўзига хос муайян режаларни белгилайди.

“Биз лойиҳага тайёргарлик кўриш ва амалга ошириш учун фаол қадамлар ташлай бошладик. Лойиҳа учун Тошкент шаҳридан 3та жой белгилаб олинди. Режалаштирилган Инновацион мактабгача таълим ташкилотинининг фаолияти нафақат мактабгача таълим, балки республика миқёсидаги ўрта махсус ва олий таълим соҳалари учун ҳам мос дастуруламал бўлади”, дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.