​Мактабгача таълим вазирлиги томонидан биринчи модулли гуруҳлар очилди

2019 йил 4 декабрь, Тошкент

Модулли МТТ лойиҳа наъмуналарининг тақдимоти 2019 йил октабрь ойида бўлиб ўтган эди. Ва қисқа икки ой муддат ичида лойиҳа тўлақонли ишга туширилди. Биринчи модулли боғча Олмазор туманининг 441-сонли МТТга ўрнатилди. У бир-бирига уланган тўртта денгиз контейнеридан иборат бўлиб, кичкинтойлар учун қулай мебель жихозлари, болаларни ақлий салоҳиятини ривожлантирувчиўйинчоқлар ва ўқув материаллари билан жиҳозланган ва кенг ўйин майдончасига эга.

Модулли мактабгача таълим ташкилотлари лойиҳасини ишлаб чиқиш давомида Россия, Швеция ва Кореянинг илғор тажрибалари ўрганилди. Модулли биноларэкологик тоза, соғлик учун хавфсиз материаллардан тайёрланган ва ҳар қандай иқлим шароитида мўтадил ҳароратни сақлашга имкон берувчи қўшимча иссиқлик изоляцияси билан жиҳозланган. Шунингдек, мутахассислар хавфсизлик, тезкор эвакуация қилиш ва болалар учун қулай шароит пухта ишлаб чиққан. Бинолар электр энергияси, сув таъминоти, кондиционер, иситиш ва ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимлари билан жиҳозланган. Қулай ва енгил вазнли йиғма кроватлар тўлиқ кунлик гуруҳлар учун тақдим этилган.

“Модулли мактабгача таълим ташкилотларнинг жорий этилишига бўш ўринларнинг кескин тақчиллиги сабаб бўлмоқда. Маълумки, янги мактабгача таълим ташкилотини барпо қилиш учун кўп вақт талаб этилиб ва бюджетдан ажратиладиган маблағ сабабли бундай МТТларнинг сони чегараланган.

Модулли боғча иншоотлари эса икки ой ичида ташкил этилади ва ишга туширилади, натижада эса 70% харажат тежалади. Бу эса, жорий бюджет ҳисобига МТВ 70% дан кўпроқ болаларни мактабгача таълим хизмати билан қамраб олиши мумкин, деганидир. Дастлабки болалар модуль гурухлар ташкил этилаётган “Қичқириқ” маҳалласида МТТга жойлашиш учун навбатда турган 914 нафар кичкинтойлар бор. Эндиликда эса модулли МТТ қурилиши туфайли 120 нафар бола мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади”, -дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Модулли бинода иккита тўлиқ кунлик гуруҳ ва 2 смена ишлайдиган қисқа муддатли битта гуруҳ фаолият юритади. Ҳар бир гуруҳга тарбиячи педагог ва ёрдамчи тарбиячи тайинланади.

Модулли МТТ бир қатор афзалликларга эга:

  • қўшимча контейнерларни бириктириш эвазига кенгайтириш мумкин;
  • ихчамлиги сабабли ҳар қандай инфратузилма билан мослашади;
  • зарур ҳолларда демонтаж қилиниб ва бошқа жойга кўчириш мумкин;
  • қурилишда замонавий материаллардан фойдаланганлиги туфайли қиммат капитал таъмирлаш талаб этилмайди;

Ҳозирги кунда Сурхондарё (Сангардак қишлоғи) ва Тошкент вилоятида (Бўстонлиқ тумани) ҳамда пойтахтимизнинг айрим туманларида (Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек туманлари) модулли ишлаб чиқариш ва ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.