​Мактабгача таълим вазирлиги турар-жой биноларининг биринчи қаватларида мактабгача таълимни йўлга қўяди.

2019 йил 23 ноябрь куни Тошкент шаҳар Сергели туманида иккита давлат мактабгача таълим ташкилотининг (кейинги ўринларда -МТТ) очилиш маросими бўлиб ўтди. Умумий ҳажми 370 нафар болани тарбиялашга мўлжалланган ушбу МТТнинг очилиш маросимида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин иштирок этди.

Сергели туманида қурилган янги мактабгача таълим ташкилотлари турар жой биноларининг биринчи қаватида жойлашган.

“Сергели тумани қурилиш зичлиги ва ёш оилаларнинг кўплиги билан ажралиб туради. Мактабгача таълим вазирлиги мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда аҳолини зарур ижтимоий инфратузилма билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Биз янги объектларни қурмоқдамиз ва мавжудларининг имкониятларини оширмоқдамиз. Янги МТТ турар жой биноларининг биринчи қаватида жойлашган бўлиб, у ота-оналар ва болалар учун қулайдир. Ҳаммаси бўлиб иккита мактабгача таълим ташкилотида 7 та тўлиқ кунлик гуруҳлар ва 4 та қисқартирилган муддатли гуруҳлар икки сменада фаолият юритади ”, дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Болаларни овқатлантириш икки хил усулда ташкил қилинади:

– ташқи овқатланиш ошхонаси, овқат тайёрлаш учун жиҳозлар, идишлар ва мебеллар билан таъминлаш;

– тайёр овқатни МТТга етказиб бериш.

Шунингдек, иккита мактабгача таълим ташкилотининг очилиши тарбиячи педагог ва ёрдамчи ходимлар учун қўшимча 41 та иш ўрнини яратади. Иккала МТТ ҳам 2019 йил декабрь ойида ишга тушади.

Янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида маълумот:

МТТ рақами 40.

Манзил: Сергели, Спутник-16.

Қуввати: 90 нафар бола.

Гуруҳлар сони: 3 та кунлик гуруҳ.

Ходимлар: 10 та тарбиячи педагог, 8 та ёрдамчи ходим.

Овқатланишни ташкил қилиш усули: аутсорсинг.

МТТ рақами 41.

Жойлашган жойи: Сергели 7.

Қуввати: 280 нафар бола.

Гуруҳлар сони: 4 та кундузги гуруҳлар, 2 та сменада 4 та қисқа муддатли гуруҳлар.

Ходимлар: 13 тарбиячи педагог, 10 ёрдамчи ходим.

Овқатланиш усули: аутсорсинг.