​Мактабгача таълим вазирлигида Саудия Ривожланиш Жамғармаси вакиллири билан учрашув

Жорий йилнинг 7-октябрь куни Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Саудия Ривожланиш Жамғармаси вакиллари билан учрашди. Учрашувда шунингдек вазир ўринбосари Мақсуджон Юлдашев ва бошқарма бошлиқлари иштирок этдилар.

Жамғарма ҳақида қисқача маълумот: Саудия Ривожланиш Жамғармаи ўз фаолиятини 1975-йил 1-мартида бошлаган бўлиб, унинг мақсади ривожланаётган мамлакатлардаги лойиҳаларни

  • зарур имтиёзли займлар;
  • тадқиқотларни лойиҳалаштириш учун техник воситалар;
  • институтционал қўллов;

тақдим этиш орқали молиялаштиришдан иборат. Айни кунда жамғарма устав сармояси 8,3 млрд. долларни ташкил этади ва у дунёнинг 83 мамлакати билан ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу мамлакатлардаги лойиҳаларни молиялаштириш учун жамғарма томонидан 14,7 млрд доллар займ ажратилган.

Бугунги кунга қадар жамғарма Ўзбекистон билан иқтисодиётнинг турли секторларидаги 10 та лойиҳа учун 275 млн. доллар ҳажмдаги келишувларни имзолаган.

Учрашув чоғида Агриппина Шин жамғарма вакилларини мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

“Бундан 2 йил муқаддам болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш 24%ни ташкил қилган бўлса, айни кунда бу кўрсаткич 43%га етди. Соҳага хусусий сектор фаол жалб этилмоқда, биз биринчи бўлиб давлат–хусусий шерикчилигидаги МТТларни ишга туширдик. Бунинг учун давлатимиз томонидан 200 млн. доллар ажратилди” – деди Агриппина Шин. Шунингдек, вазир айни кунда МТТнинг янги муқобил шакллари жорий этилаётганлигида тўхталди. Куни кеча мобил ва модулли МТТлар пилот лойиҳаси ишга тушди. Ушбу лойиҳа орқали энг чекка ҳудудлардаги 44 та маҳаллада 2 мингга яқин бола мактабгача таълим билан қамраб олинади.

“Биз мактабгача таълимга йўналтирилган ҳар қандай сармоя жамият гуллаб–яшнаши учун йўналтирилган сармоя деб ҳисоблаймиз” –деди Агриппина Шин.

Саудия ривожланиш жамғармаси вакили Саид А. Ал-Машаҳий Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимига хусусий сектор вакиллари жалб этилаётгани, лойиҳалар танловидаги креативлик, мослашувчанлик жамғарма томонидан юқори баҳоланишини билдирди. Шунингдек, жамғарма инсон капитали ривожи учун маблағлар йўналтирилишини доим қўллаб–қувватлаб келганини айтди. “Биз учун бу устувор йўналиш. Шу сабабли бундай лойиҳаларнинг энг чекка худуларни ҳам қамраб олаётганлигини олқишлаймиз ”–деди Саид Ал-Машаҳий.

Шунингдек, у жамғарма мактабгача таълим вазрлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Жамғарма вакиллари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги давлат–хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган бир неча МТТда бўлдилар ва бу шаклдаги МТТлар қандай фаолият олиб бориши билан яқиндан танишдилар.