​Мактабгача таълим вазирлигининг Бувайда туманидаги 6-сонли МТМ даги вазият тўғрисидаги хабари

2019 йил 28 декабрь куни Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Бувайда тумани 6-сонли Мактабгача таълим ташкилотига алоқадор фотосуратлар тарқалди. Фотосуратларда болалар иссиқ кийимда, битта ётоқ кроватчасида иккитадан бўлиб ухлашаётгани акс этган. Мактабгача таълим вазирлигининг мутахассиси болалар учун яратилган шарт-шароитларни текшириш учун 6-сонли МТТ га ташриф буюрди. Текшириш натижаларига кўра:

– олинган маълумотларга кўра, хоналардаги ҳаво ҳарорати 23 °С даражани ташкил этади. Мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг сўзларига кўра, куз-қиш мавсуми учун 21 тонна брикет кўмир ва 9 тонна қора кўмир сотиб олинган. Ҳозирги вақтда иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмас.

-МТТ етарли миқдорда болалар учун ётоқ кроватчалар билан таъминланган. 2019 йилда Давлат инвестиция дастури доирасида янги бинонинг кенгайтирилиши, шунингдек МТТ ни янги мебель ва бошқа жиҳозлар билан жиҳозлаш бўйича реконструкция ишлари олиб борилган.

Ҳодиса юзасидан тергов Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Прокуратура ходимлари билан биргаликда олиб борилди ва қуйидагилар аниқланди.

Фотосуратларга фотоишлов берилиб саҳналаштирилган ва тарбиячи томонидан 6-сонли МТТ раҳбарига нисбатан шахсий адовати учун қасос сифатида олинган. Аввалроқ, ташкилот раҳбари унга жамоа олдида масъулиятсизлиги учун танбеҳ берган. Фотосуратларни олгандан сўнг, тарбиячи аёл уларни жиянига юборган, жияни эса фотосуратларни блоггерлар орасида тарқатган.

***

Ҳурматли мактабгача таълим тизими ходимлари!

Мактабгача таълим муассасаларини такомиллаштириш, болалар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва масъулиятиз ходимларни тизимдан четлаштириш учун қанча куч сарфлаётганимизни ҳеч ким билмаса ҳам Сизлар биласиз. Афсуски, сўнгги ойлардаги воқеалар шуни кўрсатдики, баъзиларингиз Мактабгача таълим вазирлигидан ҳамкасбларингиз билан ҳисоб-китоб учун восита сифатида фойдаланишни бошладингиз.

Сиз фақатгина раҳбариятингиз ишдан бўшатилиши ёки хайфсан олиши учун нафақат бегуноҳ одамларга тухмат қиляпсиз, балки сизга ишониб топширилган болаларнинг соғлиғига хавф туғдиришга ҳам тайёрсиз. Сизга шуни эслатиб ўтамизки, ҳар икки ҳолатда ҳам ҳақиқий айбдорни аниқлаш учун чуқур текширув ўтказилади. Бундан ташқари, биз прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда ишлаймиз ҳамда тегишли орган ходимлари томонидан тухмат ва болаларга зарар етказишга уринишларга қарши қатъий чора кўрилади.

Ҳурматли блоггерлар, шунингдек сизлардан ғаразли инсонлар қўлида қуролга айланмаслигингизни ва маълумотларнинг ишончлилигини текширишингизни сўраймиз. Бундан ташқари Бувайда туманидаги 6-сонли МТТ нинг ота-оналари томонидан ўтказилган сўров натижалари ҳам хоналар иссиқ ва ётоқ кроватчалари етарли эканини кўрсатган бўларди.

***

Бувайда туманидаги 6-сонли МТТ тарбиячисига нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Шунингдек, прокуратура ходимлари ҳам вазиятни ўрганишда давом этмоқда.