​Мамлакатимизда илк бор мактабгача ёшдаги болажонлар ўртасида “Гимнастрада” Республика Фестивали ўтказилди.

«Биз сиз билан биргаликда ўсамиз ва ривожланамиз!»-Мактабгача таълим вазирлиги ташкил топганлигининг 2 йиллиги муносабати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида илк бор ўтказилган “Гимнастрада” спорт фестивали ана шундай номланди.

Фестиваль болажонлар қатори уларнинг ота оналари ва меҳмонлар учун ҳақиқий спорт байрамига айланди.

Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси асосида болалар орасида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш, болаларга гўдаклигидан ўз жисмоний маданиятини оширишига шароит яратиш ҳамда уларда Ватанга муҳаббат ва ўз мамлакати билан фахрланиш ҳиссини уйғотиш мақсадида республикамизнинг турли ҳудудларида Гимнастрада фестиваллари ташкиллаштирилилди ва уларда 5854 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 87810 нафар болажонлар иштирок этишди.

Бугун Тошкент шаҳри доирасида ўтказилган Республика фестивали 23 та жамоа билан жами 345 нафар 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни спорт майдонига жамлади.

-Фарзандларимизни ёшлигиданоқ спортга бўлган муносабатини шакллантириш-уларни баркамол ва соғлом бўлиши учун катта ёрдам беради. Мамлакатимизда мактабгача ёшдаги болалар ўртасида ташкиллаштирилган бу фестиваль эндиликда ҳар йили барча ҳудудларда анъана тарзида уюштирилади. Ва мен келажакда бу каби мусобақалар бўлғуси мамлакатимиз фаҳри юртдошимиз Оксана Чусовитина каби иқтидорли олимпия ғолибларини аниқлаб беришига ишонаман. Болалар Гимнострада фестивали бўлажак таниқли гимнаст ва гимнаткаларимиз учун бошланғич трамплин вазифасини ўтайди, дейди Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин.

Гимнастрада Республика Фестивалини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси гимнастика федерацияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Юнусобод тумани ҳокимлиги, Гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби яқиндан ҳамкорлик қилдилар.

Спорт фестивали якунида 20 та номинация бўйича ғолиб бўлган жамоалардаги барча болажонлар ва уларнинг тарбиячилари Вазирлик томонидан фаҳрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирландилар.