​РФ Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Сергели туманидаги 44-сонли «Бахтли болалик» номли МТТга ташриф буюрди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан биргаликда Сергели туманидаги 44-сонли «Бахтли болалик» мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида МТТ қурилиши ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, МТТ 510 нафар болани қамрай олади. Муассасада 60га яқин педагог ходимлар ва ёрдамчи тарбиячилар, шунингдек, тиббиёт ходимларининг фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Болаларнинг овқатланиш таъминоти аутсорсинг ёрдамида амалга оширилади. Мазкур МТТнинг ажралиб турувчи жиҳати ноодатий лойиҳалаштириш ва дизайндан иборат. Бу кенг ва ёруғ хона, мусиқа зали, кутубхонага эга замонавий инновацион бинодир. Болалар майдончаларида ҳамда ҳудудда хавфсиз ўйин ускуналари, арғимчоқлар, спорт майдонлари, очиқ бассейн мавжуд.

Барча гуруҳлар замонавий мебель жиҳозлари, аудио, видео аппаратуралар ва болани ривожлантирадиган ўйинлар билан таъминланган.