​Саҳоват инсонни улуғликка етаклайди

Бутун дунёга ўзининг таҳликали соясини солиб, ҳаётимизни тубдан ўзгартирган глобал пандемия шароитида юртдошларимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан ўзининг олижаноблиги, саховатини аямасдан, уларга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаган бир гуруҳ саховат пеша инсонлар Муҳтарам Президентимиз Фармони билан «Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Жорий йилнинг май ойида Сирдарё вилоятида рўй берган табиий офат халқимиз учун яна бир синов бўлди. Танти ва сахий инсонлар кўмагида унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар бу инсонлар кўрсатаётган ёрдам таҳсинга сазовор. Улар орасида Мактабгача таълим вазирлигининг жонкуяр ходими ҳам мавжудлиги биз учун чексиз фахрдир.

Жамоамиз сафидаги Наталья Витальевна Фен Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда call-марказида фаолият кўрсатиб, қийналган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда фаол иштирок этди, кислород концентраторлари билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатди. Сардоба фожиасида жабр кўрган аҳолига кўмаклашиш мақсадида бир неча маротаба Сирдарёга ташриф буюриб, аҳолининг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда ҳаётий зарур воситалар билан таъминлади.

Юқоридаги эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида, жамоамиз аъзоси Наталья Фен «Меҳр-саховат” кўкрак нишони соҳибаси бўлди. Бу ютуқ барчамизники, у бизни саховатпешаликдан тўхтамасликка, ҳамиша атрофимиздагилар учун қайғуришимизга ундайди. Ташаббускор ва мурувватли инсонларнинг хизмати ҳамиша қадрланади.