​Тошкентда А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг филиали очилади.

Президент қарорида (ПҚ-4857, 08.10.2020) «А. И. Герцен номидаги Россия давлат пе дагогика университети» Федерал давлат бюджет олий ўкув юртининг (университетнинг) Тошкент филиали ташкил этилиши тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабр ойида республикада педагог кадрлар сифатини оширишда халқаро тажрибани ривожлантириш доирасида Мактабгача таълим вазирлиги ва А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ўртасида Ўзбекистонда филиал очиш тўғрисида шартнома имзоланганди.

Филиалнинг асосий фаолияти психологик-педагогик таълим, махсус (дефектологик) таълим каби бакалавриат ва магистратуранинг турли йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлашдан иборат.

Шунингдек, университетда мактабгача таълим соҳасида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, ўқитувчиларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилади.

Малумот учун: А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети 1797 йилнинг 2 май куни ташкил этилган ва Россия Федерациясининг етакчи олий педагогика ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Университет таълим соҳасидаги барча фанлар бўйича малакали мутахассислар тайёрлайди, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда педагогика олий ўқув юртлари орасида етакчи ўринни эгаллайди.

А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ривожланишининг муҳим йўналиши илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасидаги етакчи хорижий ташкилотлар билан стратегик шерикликни такомиллаштиришдир.

Қабул ва таълим шартлари ҳақида батафсил маълумотни бизнинг сайтимизда топишингиз мумкин: https://mdo.uz/