​“ВАТАН – БОЛАЛАР НИГОҲИДА” КЎРИК-ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Бухоро вилояти,

Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ташкил этилган “Ватан-болалар нигоҳида” мавзусидаги кўрик- танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Болаларнинг санъатга бўлган қизиқишларини ошириш, уларнинг рақс, тасвирий санъат ҳамда актёрлик борасидаги қобилиятларини аниқлаш, юзага чиқариш ва ривожлантириш мақсадига йўналтирилган мазкур танловнинг дастлабки икки босқичида вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари қамраб олинди. Бухоро шаҳридаги 82-ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида тантанали равишда ташкиллаштирилган якуний босқичда эса 200 нафарга яқин болажонлар иштирок этишди.

Белгиланган махсус майдончаларда иштирокчилар рақс, тасвирий санъат ҳамда театр ва саҳналаштириш йўналишлари бўйича ўз истеъдодларини намойиш этдилар. Уларнинг ҳар бир чиқишлари ва ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Тадбир якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар вилоят мактабгача таълим бошқармасининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.