АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари ва АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир шу йилнинг 16 май куни бўлиб ўтди. Америкалик вакиллар сифатида АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг чет элдаги хизмати қошидаги «Таълим ва болалар озуқаси учун маҳсулотлар» Макгаверн-Доул халқаро дастури мутахассислари иштирок этишди.

Учрашув давомида икки томон вакиллари қуйидаги масалаларни муҳокама қилдилар:

◾️мактабгача таълим овқатланиш миллий дастурлари ва саводсизликни йўқотиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш даражасини баҳолаш;

◾️мактабда овқатланишни ва менюни режалаштиришда вазирликнинг иштироки;

◾️мактабгача таълим соҳасида овқатланишни молиялаштириш;

◾️соғлиқни сақлаш масалаларида профилактик чоралар кўриш (масалан, гельментларни тушириш);

◾️МТМда озиқ-овқат маҳсулотларини фортификация қилиш: болалар соғлиғини яхшилаш мақсадида, маҳсулотлар таркибидаги дармондорилар ва микроэлементлар сонини мақсадли ошириш; ◾️тўғри овқатланишни жорий этиш стратегиясидаги бошқа масалалар.

Шунингдек, Макгаверн-Доул дастури вакиллари томонидан МТВ билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик таклиф этилди.