Адлия вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги билан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонун ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди.

Фармон талабларидан келиб чиқиб, эндиликда адлия вазири ўринбосарлари ўзларига бириктирилган давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлашга ҳуқуқий-услубий кўмаклашиб боради.

Шунингдек, ижрочилар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг аниқ амалий натижаларга эришилиши таъминланмасдан, юзаки бажарилишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўришлари ва уларнинг ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан таъсирчан мониторингни таъминлашлари лозим.

Шу мақсадда бугун Адлия вазирлиги томонидан Мактабгача таълим вазирлигида амалий учрашув ташкил этилди.

Амалий руҳда ўтган учрашувда, аввало, юқорида келтирилган Фармонининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, ушбу вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, хусусан, Президент ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир фаолияти таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар ҳақида фикр алмашилди.

Шу билан бирга, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” тизими орқали келиб тушган 182 та президент ҳужжатларидаги қарийб 700 га яқинтопшириқларнинг ижро этилганлик ҳолати, муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий учрашув якунида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонунчилик ҳужжатлари
ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш ва назоратини олиб боришни янада яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Учрашувни ташкил этишдан асосий мақсад қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар олдига аниқ масалаларни қўйиш, соҳага хос бўлмаган, такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш, уларда ортиқча қоғозбозлик ва мажлисбозликка йўл қўймаслик юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Бундай амалий учрашув ва мулоқотлар келгусида мунтазамлик касб этиб, Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари
ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмак кўрсатиб борилади.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати