Болаларга болаликни армуғон қил!

Жорий йил 11-октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев топшириғига кўра,, Меҳр-2,, гуманитар операцияси доирасида Ироқдан 64 болани қайтариш бўйича ишлар амалга оширилган эди. Қайтарилган болаларнинг 39 нафари ўғил, 25 нафари қиз болалар бўлиб, улардан 14 таси 3 ёшга етмаган, 2 таси етим болалардир. Ушбу миссия Ироқ ҳукумати ва ЮНИСЕФ ёрдамида амалга оширилди. Ота-оналарининг катта хатолари оқибатида бу гўдаклар урушнинг барча даҳшатларини кўрдилар, айрилиқ ва йўқчиликни бошдан кечирдилар. Ҳозир улар мутахассислар кўмагига муҳтожлар. Айни дамда улар соғломлаштириш Марказига жойлаштирилган бўлиб, болалар билан тиббиёт ходимлари ва руҳшунослар ишламоқда. Мутахассислар бу болалар урушни даҳшатли туш каби унутишлари учун туну-кун ҳаракат қилмоқда. Ушбу ишлар доирасида 31-октябрь куни Мактабгача таълим вазирлиги томонидан болалар учун Тошкент шаҳри Марказий истироҳат боғига саёҳат уюштирилди. Бу тадбир болаларнинг катта хурсандчилигига сабаб бўлди. Бундай тадбирлар, шунингдек халқимизнинг меҳр-муруввати, бағрикенглиги бу гўдакларга ҳимояланганликларини ҳис этиш, осуда ҳаёт қандай бўлишини ва уни қадрлашни англаб етишга ёрдам беради.