Болаларни соғлом овқатлантириш механизмини ташкил этиш борасидаги янги ҳамкорлик

Мактабгача таълим вазирлиги олдида турган асосий долзарб масалалардан бири мактабгача ёшдаги болаларни соғлом овқатлантириш тизимини йўлга қўйишдир.

29 ноябрь куни Мактабгача таълим вазири бошчилигидаги тизим мутасаддилари соғлом овқатланиш бўйича халқаро экспертлар – Россия Федерациясининг Тармоқли овқатланиш институти президенти В.Чернигов ва вице-президенти С.Маслов билан учрашдилар.Томонлар болаларнинг соғлом овқатлантирилишни ташкил этиш, механизмларни йўлга қўйиш, йўналишини яхшилаш юзасидан фикр алмашдилар.

Мулоқот давомида россиялик ҳамкорлар тармоқли овқатланишда мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом овқатланиш тизими механизмларини ишга туширишда тажрибада юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек муаммоларни ҳисобга олган ҳолда интеграциялашган ижтимоий овқатланиш тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистонда болаларнинг эрта ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг сиёсат даражасига кўтарилиши, таълим -тарбия тизимида яратилаётган имкониятлар шунингдек, юртингизнинг иқлими, шароити, қишлоқ хўжалиги унумдорлиги, экологик тоза маҳсулотларнинг мавжудлиги тармоқли овқатланиш механизмини тез суръатларда йўлга қўйишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Биз эса шу соҳа экспертлари сифатида бу тизимни ривожлантиришда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз , -дейди Россия Федерациясининг Тармоқли овқатланиш институти Президенти В.Чернигов.

Меҳмонлар ташриф давомида Тошкент шаҳридаги 74, 11-сон МТТ лардаги болаларни овқатлантириш жараёнини ташкил этиш билан танишдилар. Ўзаро ҳамкорлик доирасида келгусида амалга ошириладиган фаолият ҳақида ҳам келишиб олдилар.

Маълумот учун: Россия Федерациясининг Тармоқли овқатланиш институти 2010 йилдан бошлаб БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурини ишлаб чиқиш лойиҳаларига техник ёрдам кўрсатиб, 6 та мамлакатда барқарор мактабгача ва мактаб ёшидаги ўқувчиларни овқатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бормоқда.