Давлат МТМларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови бўйича имтиёзлар

I. Давлат мактабгача таълим муассасаларидаги болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек, ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

II. Давлат мактабгача таълим муассасаларида жисмоний ёки ақлий ривожланишида қуйидагича нуқсонлари бўлган болалар тўловдан озод этилади:

1. Нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш).

2. Эшитишдаги оғир нуқсонлар (II — IV даражадаги карлик).

3. Кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар).

4. Таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари).

5. Психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш (ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси).

6. Мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги).

7. Сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж), шунингдек сил касаллигидан кейинги тиклаш даври.

III. Қорақалпоғистон Республикаси; Хоразм вилояти; Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳри; Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманлари; Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманлари; Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сириосиё туманлари; Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Ургут, Булунғур ва Пахтачи туманлари; Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Фориш, Мирзачўл ва Янгиобод туманлари; Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод, Ховос ва Сардоба туманлари; Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Фарғона туманидаги Шохимардон ва Ёрдон қишлоқларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови республика бўйича белгиланган тўловга нисбатан икки баравар кам миқдорда тўланади.

IV. Боланинг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли, шунингдек, ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган даври учун тўланган тўловлар кейинги тўловларни амалга оширишда ҳисобга олинади. Агар боланинг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлари учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.

Боланинг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли боланинг мактабгача таълим муассасасига келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.

Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига келмаслигига ота-оналардан бирининг сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ёзган аризаси (билдиришномаси) асос бўлиб ҳисобланади. Бунда боланинг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади. Бундай ҳолларда боланинг давлат мактабгача таълим муассасасидаги жойи сақлаб қолинади.