Хитой элчихонаси вакиллари билан ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди

18–февраль куни МТВ да вазирлик раҳбариятининг Хитой элчихонаси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.Учрашувда мактабгача таълим соҳасида ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди ва истиқболлари белгилаб олинди. Мулоқот чоғида Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзянь Янь хоним аёл ва она сифатида президентимизнинг ушбу соҳага алоҳида эътиборини олқишлашини айтди.. Барча болаларни мактабгача таьлим билан қамраб олиш, улар учун тенг шароитлар яратиш борасида Ўзбекистон дуч келаётган муаммолар, аҳоли сони бўйича дунёда етакчилик қилувчи Хитой учун яхши таниш экани, бу борада мамлакат катта тажрибага эга ва ушбу тажриба билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистонда мактабгача таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берар экан, вазир Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги ҳамда вазирлик учун қуйидаги йўналишлар бўйича лойиҳаларни амалга оширишда элчихона кўмаги зарурлигини билдирди:1)мактабгача таълим тизимида инфратузилма бўйича хитой ишлаб чиқарувчилари билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш; 2)соҳа учун дастурий иловалар ишлаб чиқарувчилар билан алоқа ўрнатишда кўмак; 3)болалар майдончалари ва ўйинчоқлар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ҳамкорлик; 4)МТМлар тармоғини кенгайтиришга сармоядорларни жалб қилишда ёрдам; 5)Ўзбекистон бозорида ишлаётган йирик Хитой компанияларини хайрия лойиҳалари, шунингдек идоравий МТМлар қурилишига жалб қилиш; 5)ХХР давлат грантларини мамлакатимиз мактабгача таълим соҳасига жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқиш; 6)хитойлик ҳамкорлар билан ,ўзида нафақат Open EMIS информацион тизими маълумотлари, балки тарбиячилар учун мультимедиа дастурлари, тарбияланувчилар учун ривожлантирувчи ўйинлар ҳамда oнлайн тв, радиоэшиттиришлар маълумотларини ўзида сақловчи серверлар учун дата марказлари ташкил этиш.

Хитой томони ўзбекистонликлар учун давомийлиги камида йигирма кун ва ундан узоқ муддатни ташкил этиши мумкин бўлган малака ошириш дастурларида соҳа вакиллари иштирокини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистоннинг юқорида санаб ўтилган лойиҳалари бўйича Хитой компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш учун тайёрлигини билдирди.Учрашув сўнгида элчи хоним март–апрель ойларида вазир Агриппина Васильевна Шинни мактабгача таълим тизими билан яқиндан танишиш учун Хитой Халқ Республикасига таклиф қилди.