Инклюзия ва беғараз молиявий ёрдам кўрсатишни ривожлантирилиши

Мактабгача таълим тизимида инклюзия ва беғараз молиявий ёрдам кўрсатишни ривожлантиришга дастлабки қадам қўйилди.

▪️Шу йил 5 апрель куни қабул қилинган «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3651-сонли қарорда, оталиқ шаклидаги филантропик фаолият тарзида давлат-хусусий шерикчилик модели эълон қилинган эди. У давлат МТМларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва таъминлаш бўйича ишларни амалга оширишда ёрдам кўрсатишни кўзда тутади. Бунга жавобан, давлат солиққа тортиладиган базани, МТМни реконструкция қилиш ва таъминлашга сарфланган маблағлар суммасига камайтириш имкониятини тақдим этади.

▪️ПҚ-3955 ва унинг иловалари, инклюзив таълим шаклларига эга қўшма МТМлар тўғрисидаги бандни ўз ичига олган.

Оталиқ шаклидаги филантропик фаолият тарзида давлат-хусусий шерикчилик моделига асосан очилган қўшма турдаги МТМга биринчи мисол – Яккасарой туманидаги №369-сон боғча бўлиб, унда соғлом болалар билан биргаликда алоҳида қаровга муҳтож болалар ҳам тарбия олишади. Лойиҳанинг хусусий шериги сифатида «Grand Pharm Trade» МЧЖ фаолият кўрсатди. Ҳомий-компания маблағлари ҳисобидан муассаса капитал таъмирдан чиқарилди ва таъминланди. Бундан ташқари, ҳомий томонидан ушбу муассасага доимий равишда беғараз ёрдам кўрсатиб борилади.

▪️Юқорида қайд этиб ўтилган ўзгаришлар, 2019 йил 13 май куни қабул қилинган «Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №ВМҚ-391-сон қарорида ва Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясида ўз аксини топган.

Мактабгача таълим вазирлиги болаларга ёрдам кўрсатаётган барча ишбилармонлар ва ташкилотларга чуқур миннатдорчилик изҳор этади. Сизларга мактабгача таълим тизимига, шу жумладан инклюзив шаклдаги таълимга қўшаётган ҳиссангиз учун ташаккур деймиз. Бу юртимиздаги болажонларнинг бахтли келажаги учун амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида йирик қадамдир.