Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Мактабгача таълим вазирлигида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Кан Чжэ Квон билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувдан мақсад, биринчи навбатда, яқинда лавозимига киришган Фавқулодда ва Мухтор элчи Кан Чжэ Квон билан танишиш ҳамда томонлар ўртасида самарали ҳамкорликни давом эттириш юзасидан икки томон розилигига эришишдан иборат эди. Эслатиб ўтамиз, МТВ ташкил этилганидан ҳозирги кунгача олий даражадаги самарали ташрифлар ва музокаралар давомида МТВ ва кореялик ҳамкорлар ўртасида 40дан ортиқ меморандум ва келишувлар имзоланди. Ҳозирда, Корея Республикасининг EDCF ташкилоти билан мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ва жиҳозлаш учун 100 млн АҚШ доллари жалб этиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, МТВ экспертлари Корея Республикаси Фан ва АКТ вазирлиги ҳамда EBS (илмий-таълим телеканали) билан мактабгача таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида натижаларга эришиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Вазир Агриппина Шин жаноб Кан Чжэ Квон билан мулоқот чоғида алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикасида Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан нафақат иқтисодий, балки ижтимоий соҳада ҳам катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги муносабатлар эса тобора ишончли бўлиб боряпти. Вазирнинг таъкидлашича, Мактабгача таълим вазирлигига юклатилган улкан вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш Корея Республикаси тажрибасига таянади. «Биз нигоҳимизни Кореяга қаратдик, чунки бу мамлакат ўз маданияти, қадриятлари, маънавияти ва болаларни тарбиялашга ёндашуви борасида бизга энг яқин давлатдир. Шу вақт оралиғида мамлакатларимиз ўртасида жуда қалин, дўстона стратегик муносабатлар шаклланди. Ва албатта, сўнгги икки йилда улар янада мустаҳкамланди. Бундан мамнун бўлмаслик мумкин эмас», – деди Агриппина Шин.