“Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш ва унда хусусий сектор улушини ошириш, 6 ёшгача бўлган болаларни бепул мактабга тайёрлаш тизими орқали кенг қамраб олиш борасида белгиланган устувор вазифалар”

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси доирасида йил давомида 16 номдаги  “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати”,  “Мен ҳам ҳарбий бўламан”, “Навоийга эҳтиром”, “Бобур рубойиларини ўрганамиз”, “Наврўз — янгиланиш даври”, “Шарафшоним-байроғим” ва “Конституция–бахтимиз  пойдевори” мавзуларидаги маънавий-маърифий тадбирлар,  “Илк қадам” ва “Ақлвой” Онлайн дастурлари доирасида “Жажжи раққосалар”  , “Бахтли болалалигим”, “Болалигим–пошшолигим” мавзусида  расм чизиш, шеър, куй ва қўшиқ куйлаш бўйича  онлайн кўрик танловлар ҳамда “8 март – Халқаро хотин қизлар куни” муносабати билан МТТларининг педагог ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди.

         Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 678-сон қарори билан тасдиқланган  “2020-2021 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича” чора-тадбирлар дастурининг 4 ва 22 бандлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Амир ва Ширин”  номли ҳаёт ҳавфсизлиги қоидаларини ўргатишга қаратилган қўлланма ва “Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун Конституцияни ўргатиш бўйича” кўргазмали қўлланма тайёрланиб мактабгача таълим ташкилотларига китоб ва электрон тарзда етказилди.

         Ички аудит хизмати томонидан 2020 йил давомида мактабгача таълим бўлимлари ва мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган 611 та назорат тадбирларида жами 51,8 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Жумладан, ноқонуний харажат ва камомадлар 23,4 млрд.сўмни (45%); Давлат харид қонунчилиги талабларини бузилиши 11,2 млрд.сўмни (21,6%); бухгалтерия ҳисоби қоидаларини бузилиши ва бошқа молиявий хато камчиликлар 11,9 млрд.сўмни (22,9%); буджет ва ташкилот ҳисобига қўшимча ҳисобланган даромадлар 5,3 млрд.сўмни (10,3%) ташкил этди. Харидларнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиб, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда 11,2 млрд.сўмлик шартномалар тузилган. Айрим ҳолатларда аукцион харидлар ўрнига тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ёки махсус ахборот порталига эълонларни жойлаштирмасдан харид қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти» талабларига зид равишда 451 нафар болалар ноқонуний мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилинган.

2020 йил якунига кўра, Инвестиция дастури доирасида ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 338,7 млрд. сўмликқурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, 1 286,5 млрд.сўм маблағ молиялаштирилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида, 417 та объектдан, 41 таси йилдан-йилга ўтувчи бўлиб, 63 670 ўринли (қувват) 376 та мактабгача таълим объектлари 2020 йилда фойдаланишга тайёр ҳолда топширилди ва қўшимча 29 428 янги қувват яратилди. Жумладан:

  •  2 460 ўрин янги қурилиш ҳисобига;
  • 15 895 ўрин бўш турган биноларни реконструкция қилиш ҳисобига;
  • 11 073 та ўрин фаолият кўрсатаётган МТТлар қувватларини кенгайтириш ҳисобига.