МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СОҲАСИДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш орқали мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини янада кенгайтириш ҳамда болаларнинг мактабгача таълими билан кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2018-2019 йилларда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия институтларидан эквиваленти 200,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредитлар жалб қилинганлиги;

мазкур кредитлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва хусусий шериклар ўртасида 140,1 минг ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имзоланган 1 412 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлардан (кейинги ўринларда — битимлар) 992 таси бўйича имтиёзли кредитлар молиялаштирилганлиги;

420 та битимларнинг 100 дан ортиғи бўйича хусусий шериклар томонидан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш (кейинги ўринларда — мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш) ишлари ҳажми 25 ва ундан ортиқ фоизи бажарилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш дастурини давом эттириш мақсадида белгиланган тартибда тузилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун тижорат банкларига қўшимча маблағлар ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

3. Белгилансинки:

а) 2019 йил 1 декабрга қадар мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишлари 25 фоиздан кам бўлмаган ҳажмда бажарилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун зарур бўлган 182 млрд сўм маблағлар Молия вазирлиги томонидан 2020 йил учун Давлат бюджетида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида 2020 йил 1 мартга қадар ажратилади. Бунда, кредитлар 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоизли ставка бўйича берилади;

б) 2018-2019 йилларда белгиланган тартибда тузилган 300 дан ортиқ битимлар бўйича кредитлар:

Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятларнинг маъмурий марказлари ҳамда 1-иловада келтирилган вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;

туманларнинг маъмурий марказларида — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;

туманларнинг бошқа ҳудудларида — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича берилади;

2020 йилда халқаро молия институтларидан ушбу мақсадлар учун жалб этиладиган имтиёзли кредитлар (қарзлар) ҳисобидан молиялаштирилади;

в) 2021 йил ва келгуси йилларда тузиладиган битимлар бўйича кредитлар:

тижорат банклари томонидан мустақил белгиланадиган фоиз ставкаларида берилади;

халқаро молия институтларидан жалб этиладиган имтиёзли кредитлар (қарзлар), шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал ажратилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан қайтариладиган асосий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилади;

г) 2018-2019 йилларда белгиланган тартибда имзоланиб, молиялаштирилмаган ҳамда келгуси йилларда тузиладиган битимлар бўйича кредитлар ушбу битимларда назарда тутилган хусусий шерикнинг ўз маблағлари ҳисобидан бажарилиши (сотиб олиниши) лозим бўлган ишлар (товарлар) тўлиқ амалга оширилганидан сўнг, тижорат банклари томонидан молиялаштирилади.

4. Белгилаб қўйилсинки мазкур қарорнинг:

3-банди «а» кичик бандида кўзда тутилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан тўланадиган фоизлар хизмат кўрсатувчи тижорат банкида тўлиқ қолдирилади;

3-банди «б» кичик бандида кўзда тутилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан тўланадиган фоиз ставкасининг 2 фоизи хизмат кўрсатувчи тижорат банкида қолдирилади, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети даромадига ўтказилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини (қарзларини) жалб қилиш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини устувор тартибда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар, шунингдек, вилоят ва туманларнинг маъмурий марказларида ташкил этилишига эътибор қаратсин;

ҳудудларда мавжуд мактабгача таълим ташкилотларининг қуввати ва қамровини ўрганиб чиқсин ҳамда унда яшаётган аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда янги ва фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларнинг қўшимча ўринларга бўлган эҳтиёжини аниқласин;

2020 йил ва келгуси йилларда битимларнинг фақатгина халқаро молия институтларидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал ажратилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан қайтариладиган асосий қарзлар ҳисобидан махсус очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланган маблағлар доирасида тузилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хусусий шерикларга берилган кредитлар ҳамда мактабгача таълим ташкилотларига ажратилган бюджет субсидиялари мақсадли ва самарали ишлатилиши бўйича доимий мониторингни йўлга қўйсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3651-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарор ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров — мазкур қарор ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар чоракда улар раҳбарларининг бажарилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А.В. Шин — шаклланган маблағлар доирасида битимларни ўз вақтида тузиш ва амалга ошириш бўйича барча зарур чораларни кўрсин, хусусий шерикларга имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашсин, тадбиркорлик субъектлари томонидан битим талабларини бажарилиши устидан доимий мониторингни йўлга қўйсин, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари — мактабгача таълим соҳасида хусусий шерикликни ривожлантиришга қаратилган зарур шарт-шароитларни яратиш, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш юзасидан барча чораларни амалга оширсинлар;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д. Хаджаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори — мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, пресс-конференциялар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2020 йил 30 январь,

ПҚ-4581-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январдаги ПҚ-4581-сон қарорига
1-ИЛОВА

Давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун кредит ажратишда алоҳида шартлар қўлланиладиган вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар

РЎЙХАТИ

1. Олмалиқ

2. Ангрен

3. Бекобод

4. Янгийўл

5. Оҳангарон

6. Чирчиқ

7. Каттақўрғон

8. Қўқон

9. Марғилон

10. Қувасой

11. Шаҳрисабз

12. Хива

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январдаги ПҚ-4581-сон қарорига
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3651-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 2-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва махсус контингентдан муайян миқдордаги тарбияланувчиларни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларини (мазкур жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланганидан ошмайдиган миқдорларда) белгилаб қўйиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади;».

2. 4-банднинг иккинчи хатбошиси «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан» сўзларидан кейин «давлат-хусусий шерикликни рағбатлантириш тадбирларини молиялаштириш учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар доирасида» сўзлари билан тўлдирилсин.

3. 5-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг алоҳида очиладиган ҳисобварағи (кейинги ўринларда — махсус ҳисобварақ)» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг алоҳида очиладиган ҳисобварақ (кейинги ўринларда — махсус ҳисобварақ)» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. Қуйидагилар белгилансин:

махсус ҳисобварақдаги маблағлар нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, давлат-хусусий шериклиги тўғрисидаги битим объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга имтиёзли кредитларни бериш учун тижорат банкларига тақдим этилади;

махсус ҳисобварақдаги маблағлардан кредитлар тижорат банклари томонидан мактабгача таълим фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган муддат ва шартлар асосида ажратиб берилади».

5. 1-иловада:

а) 2-бандда:

ўн биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар — кам таъминланган оилалар, аъзолари ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар, тўрт ёки ундан кўп болалари бўлган оилалар»;

қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«махсус контингент — ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг болалари, мактабгача таълим тизими ходимлари ва давлат умумтаълим мактаблари педагог ходимларининг болалари»;

ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошилари тегишинча ўн учинчи ва ўн тўртинчи хатбошилари деб ҳисоблансин;

б) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3. Давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги;

давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомилларнинг шаффофлиги;

хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик;

камситишга йўл қўймаслик;

коррупцияга йўл қўймаслик»;

в) 5-банднинг биринчи хатбошисидаги «Иқтисодиёт вазирлиги» ва «Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда матнда Давлат рақобат қўмитаси деб юритилади)» сўзлари тегишлича «Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги» ва «Давлат активларини бошқариш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

г) 11-банддаги «Давлат рақобат қўмитаси» сўзлари «Давлат активларини бошқариш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

д) 12-банднинг биринчи хатбошисидаги «Давлат рақобат қўмитасининг» сўзлари «Давлат активларини бошқариш агентлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

е) 14 ва 15-бандлардаги «Давлат рақобат қўмитаси» сўзлари «Давлат активларини бошқариш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

ж) 17-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«хусусий шерикнинг соф активлари тўғрисида ахборот, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини реализация қилишнинг молиявий имкониятини тасдиқловчи ўз улуши миқдоридаги маблағнинг банк депозитларида мавжудлиги ва ушбу маблағ фақат нодавлат мактабгача таълим муассасаси қурилиши учун йўналтирилишини кафолатловчи ҳужжат»;

з) 27-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«27. Тузилган битимларнинг ягона реестри Вазирлик томонидан юритиб борилади ва ҳисобини юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига тақдим этилади»;

и) 33-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«давлат шеригидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ва эркин фойдаланиладиган ахборотни олишга»;

иккинчи — еттинчи хатбошилари тегишинча учинчи — саккизинчи хатбошилари деб ҳисоблансин;

к) 34-банднинг саккизинчи хатбошиси «муҳтож оилалар тарбияланувчиларини» сўзларидан кейин, «махсус контингентни» сўзлари билан тўлдирилсин;

л) 35-банднинг еттинчи хатбошиси «кўмакка муҳтож оилалар» сўзларидан кейин «ёки бола махсус контингентга» сўзлари билан тўлдирилсин;

м) 36-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун маслаҳатчиларни жалб қилишга»;

иккинчи — саккизинчи хатбошилари тегишинча учинчи — тўққизинчи хатбошилари деб ҳисоблансин;

н) 37-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда замонавий ўқув ускуналари ва ўқитиш воситаларини харид қилиш учун хусусий шерик имтиёзли кредитлар олишида кўмаклашиши»;

о) 47-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«мулк хусусий шерик ихтиёрида қолдирилса (бекор қилиш ҳуқуқи билан), тарбияланувчилар умумий сонининг 25 фоизи миқдорида ва мулк битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин давлат шериги ихтиёрида қолдирилса, тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини ва махсус контингентни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган миқдордан ошмайдиган ҳажмда) ўрнатиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади»;

п) 48-банддаги «Давлат рақобат қўмитасига» сўзлари «Давлат активларини бошқариш агентлигига» сўзлари билан алмаштирилсин;

р) 49-банддаги «Давлат рақобат қўмитасининг» сўзлари «Давлат активларини бошқариш агентлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

с) 50-банднинг биринчи ва саккизинчи хатбошиларидаги «Давлат рақобат қўмитасининг» ва «Давлат рақобат қўмитаси» сўзлари тегишлича «Давлат активларини бошқариш агентлигининг» ва «Давлат активларини бошқариш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

т) 54-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«54. Объектни қабул қилиш-ўтказиш ҳужжати имзолангач ва хусусий шерик томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгач, беш иш куни ичида Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органи хусусий шерикка «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгиси билан эгалик қилиш ҳуқуқи учун давлат ордерини беради;»

у) 55-банддаги «Давлат рақобат қўмитасининг» ва «бекор қилиш» сўзлари тегишлича «Давлат активларини бошқариш агентлигининг» ва «тасарруф этиш» сўзлари билан алмаштирилсин;

ф) 58-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«мулк хусусий шерик ихтиёрида қолдирилса (бекор қилиш ҳуқуқи билан), тарбияланувчилар умумий сонининг 25 фоизи миқдорида ва мулк битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин давлат шериги ихтиёрида қолдирилса, тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини ва махсус контингентни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган миқдордан ошмайдиган ҳажмда) ўрнатиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади»;

х) 59-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«59. Давлат шериги 30 йиллик муддатга битим тузилган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида битимни Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Давлат мулкини ижарага бериш марказлари ДУКларига рўйхатдан ўтказиш учун юборади, шунингдек, объектни балансида сақловчига юборади;»

ц) 66-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини ва махсус контингентни ўқитиш, улар учун 30 йил мобайнида ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган миқдордан ошмайдиган ҳажмда) объектни ўз мулки қилиб олиш ҳуқуқисиз ўрнатиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади»;

ч) 76-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«мулк битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин давлат шериги ихтиёрида қолса, тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини ва махсус контингентни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган миқдордан ошмайдиган ҳажмда) ўрнатиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади»;

ш) 88-бандининг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Хусусий шерикнинг мактабгача таълим муассасасини қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлари давлат шеригининг талабномалари бўйича 15 йил давомида битимда белгиланган тартибда қопланади»;

э) 91-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«тарбияланувчилар умумий сонининг 20 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини ва махсус контингентни ўқитиш, улар учун 15 йил давомида ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган миқдорда) ўрнатиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади»;

ю) 97-банднинг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«мактабгача таълим муассасасининг раҳбарлари, методистлари, тарбиячилари, дефектологлари, психологлари, мусиқа ходимлари иш ҳақига сарфланадиган харажатларни қоплаш учун давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган шартларда қўшимча бюджет субсидияларини олиш ҳуқуқига эга. Ушбу имтиёз фақат шу бобга тегишли бўлиб, бошқа мактабгача таълим соҳасидаги давлат-хусусий шериклик шаклларига татбиқ этилмайди»;

я) 98-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«98. Лойиҳани амалга оширишда хусусий шерик зиммасига қўшимча равишда тарбияланувчилар умумий сонининг 35 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини ва махсус контингентни ўқитиш, улар учун камида 30 йил давомида ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорларда) ўрнатиш юклатилади. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади»;

аа) 100-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«100. Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий шерик (якка тартибдаги тадбиркор шаклида) давлат шеригига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома илова қилинади»;

бб) 103-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда таълим муассасасини мактабгача таълим муассасалари учун мўлжалланган мебель, ашё ва анжомлар билан жиҳозлашга кўмаклашиш»;

вв) 104-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«тарбияланувчилар умумий сонининг 70 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини ва махсус контингентни ўқитиш, улар учун камида 3 йил давомида ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорларда) ўрнатиш. Бунда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари устувор равишда ўқишга қабул қилинади»;

гг) 118-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошилари «муҳтож оилалар фарзандлари» сўзларидан кейин «ҳамда махсус контингент» сўзлари билан тўлдирилсин.