Мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш доирасида семинар-тренинг бўлиб ўтди.​​

Жорий йилнинг 10-13 март кунлари пойтахтимиздаги Shodlik Palace меҳмонхонасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда БМТ Болалар жамғармаси-ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш доирасида таълим сифатини баҳолаш учун тренерлар тайёрлашга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Илғор хорижий тажрибалар асосида халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Таълим ташкилотларни аттестациядан ўтказиш мезонлари (Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 27 январда 3214 рақам билан рўйҳатдан ўтказилган) жорий йилнинг январь ойида тасдиқланган эди. Ушбу ҳужжат билан мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ҳам тасдиқланган бўлиб, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда бир қатор янгиликлар киритилган. Эндиликда мактабгача таълим ташкилоти фаолияти юзасидан ота-оналар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровнома ўтказилиши, ота-оналар билан ҳамкорликдаги ишлар ҳолати, кузатув кенгаши фаолиятининг ташкил этилганлиги ҳам баҳоланиши кўзда тутилган. Тренинг давомида ушбу янгиликларнинг мазмун-моҳиятини МТТ раҳбарлари ва педагогларига етказа олувчи тренерлар тайёрланади.

Тадбир давомида халқаро экспертлар ва соҳа вакиллари иштирокида таълим сифатини таъминлаш ва баҳолаш бўйича ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги мезон ва кўрсаткичлар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар, жаҳон тажрибаси билан танишдилар ҳамда ЮНИСЕФнинг халқаро эксперти иштирокида таълим ташкилотлари сифатини баҳолашнинг янги миллий механизмлари лойиҳаларини муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.