«Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди

Мактабгача таълим ва тарбия тизими механизмини тартибга солишга йўналтирилган мазкур қонунда мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари белгиланмоқда. Мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини фақатгина Мактабгача таълим вазирлиги билан чекланиб қолмасдан, Вазирлар Маҳкамаси қуйидаги ташкилотларгажумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, қонунда эндиликда, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги тадбирларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Қонунда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, жисмоний шахслар томонидан бу соҳада таълим хизматларини кўрсатиш ҳақидаги нормалар алоҳида белгилаб берилган.

Мактабгача таълим вазири А.Шиннинг таъкидлашича, мазкур муҳим ҳужжат мамлакатимиз тарихида илк бор мактабгача таълим ва тарбия стандартлари, мактабгача таълим турлари ва давлат таълим дастури, соҳага салоҳиятли ва маънавий етук педагог кадрларни жалб қилиш нормалари, 6 ёшли болаларни МТТларда мажбурий 1 йиллик бепул ўқув тизими, таълим бериш тили, мактабгача таълим ташкилотларининг иш режими, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш ва улардан чиқариш нормалари қонун билан мустаҳкамлаб берилди. Яна бирмуҳим жиҳати, ҳужжатда тизимда коррупцияга қарши чоралар қонун доирасида белгилаб беради.

“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуни бу йўналишда мамлакатимиз тарихида илк маротаба ишлаб чиқилган ҳужжат бўлиб, унинг маъқулланиши мактабгача таълим ва тарбия стандартлари асосида фарзандларимизни соғлом ва баркамол авлод қилиб вояга етказиш йўлида амалга оширилган муҳим қадамдир.

Мактабгача таълим вазирлиги

Ахборот хизмати