Мактабгача таълим вазири делегациясининг Сингапур давлатига ташрифи тафсилотлари ҳақида.

2019 йил 8 ноябрь куни Сингапур Республикасида мактабгача таълим вазири делегациясининг ташрифи доирасида Сингапурнинг иккинчи таълим вазири (Бош вазир идораси вазири) Индира Раджа хоним билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Сингапур таълим тизимини ривожлантиришнинг тарихий истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар болаларнинг бошланғич ривожланиши соҳасидаги ўхшаш ёндашув ва тамойилларни қайд этдилар.

Учрашув давомида инсон капиталига йўналтирилган инвестициялар туфайли сезиларли ютуқларга эришилгани, натижада Сингапур иқтисодиёти бугунги кунда кучли ва ҳаёт даражаси юқори бўлган мамлакатга айлангани ҳақида сўз борди.

Сингапурда педагог кадрларни тайёрлаш тизими, таълим тизимини бошқариш, айниқса таълим муассасаларининг мустақиллигини таъминлашга имкон яратилганлиги, давлат бюджети харажатларининг салмоқли қисми мудофаа секторидан кейин иккинчи ўринни эгаллаши ва бу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув давомида томонлар таълим сифатини баҳолаш, инклюзия, қўшма ўқув дастурлари ва, илмий изланишлар борасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Шу куни Мактабгача таълим вазирлиги делегацияси Болалаларни бошланғич ривожлантириш агентлиги мутахассислари билан учрашди.

Болалаларни бошланғич ривожлантириш агентлиги Сингапурдаги болаларни бошланғич таълимини ривожлантириш тизимини тартибга солувчи агентлик бўлиб, 7 ёшгача бўлган болаларнинг мактабгача таълим муассасалари ва унда болаларнинг ривожланишининг асосий жиҳатларини кузатиб боради. Агентлик Таьлим вазирлиги Сингапур Ижтимоий ва оилани ривожлантириш вазирлиги томонидан биргаликда бошқариладиган автоном агентликдир.

Мулоқот давомида мезбонлар агентлик фаолиятининг тақдимоти билан сўзга чиқиб, ундаги ўқув дастурлари йўналишлар ва Бошланғич ёшдаги болаларнинг ривожланишига қаратилган сиёсатни шакллантириш тамойиллари тўғрисида батафсил сўзлаб бердилар.

Учрашув чоғида агентлик мутахассислари Ўзбекистон делегацияси томонидан берилган кўплаб долзарб мавзулардаги, жумладан, Сингапурдаги болалар боғчалари ва марказларининг таълим сифатини баҳолаш тартиблари (SPARK методологияси) хақидаги саволларга жавоб беришди.

Қизғин суҳбат давомида болаларни ривожлантириш соҳасини йўлга қўйиш, бу соҳани ресурслар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мутахассислар ва мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг малакасини ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз ўрнида, Сингапур Болаларнинг бошланғич ривожланиши агентлиги мактабгача таълим сиёсатини шакллантириш ва ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон тажрибасига катта қизиқиш билдирди.

8-ноябрь куни Мактабгача таълим вазирлиги делегацияси AWWA Kindle Gardenнинг фаолияти билан ҳам танишдилар.

AWWA Kindle Garden болалар боғчалари тизими тенг ҳуқуқли шериклик принципига асосланган бўлиб, унда махсус таълимга эҳтиёжи бор болалар, нормал ривожланаётган болалар билан биргаликда тарбияланадилар. Бу эса ўз ўрнида, турли профилли тарбиячилар ва болалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаб, ҳамкорлик ва ўзаро яқин боғлиқликни таъминлайди.

Ташриф давомида делегация аъзолари ногирон болалар учун контент ва таълим технологияларини ривожлантиришда замонавий ечимлардан фойдаланадиган Сингапур инклюзив болалар боғчасининг амалиётининг фарқли жиҳатлари ва ҳусусиятларини батафсил ўрганиб чиқдилар.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ушбу инклюзив болалар боғчаси ходимларига миннатдорчилик билдирди ва болаларнинг ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг соғлом ривожланишида, шунингдек, таълим ва кейинчалик жамият муҳитига мослашувига ёрдам беради.