Мактабгача таълим вазирлиги Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатномасини якдиллик билан маъқуллади.  

29 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро Конгресслар  залида Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўлиб ўтди.

Мамлакатни янада ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари, ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари баён қилинди. 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинди. Ҳақиқатдан ҳам, ватамизда барча амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим олишлари учун зарур шароитлар яратиш, жаҳонда ўз билими билан беллашадиган ва ота-боболари каби буюк инсонлар бўлиб етишида кўп имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси мамлакатимиз ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа ҳисобланди. 2017 йилдан бери анъанавий бўлиб келаётган ушбу тадбирда ўтган йилнинг асосий натижалари сарҳисоб қилинади, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар белгиланади. Ҳалқимиз ушбу тадбирни катта қизиқиш билан кузатишади.

Шавкат Мирзиёев бу йил эришилган натижалар, «Фан, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишларга тўхталиб, 2021 йилга сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаб бердилар. Президент Парламентга мурожаатида 2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича қуйидаги кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шу қаторда Президент мактабгача таълим соҳасида хусусий сектор улуши оширилиши ҳақида гапирдилар. Сўнгги тўрт йил ичида болалар қамрови 60%га етгани МТТлар сони 14 миндан ошганини Давлат Раҳбари қайд этди.

«Бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади. Шу боис ҳам, келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадимиз – ижтимоий аҳволидан қатъи назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат. Келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказишимиз керак. Бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади.

Шунингдек, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олинади. Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари янада кенгайтирилади. Бунда ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилади», деди Шавкат Мирзиёев.

Албатта, барча белгилаб берилган вазифаларни бажарилишига ҳамда  юртимиздаги болажонларимизга сифатли таълим ва тарбияни бериш мақсадида барчамиз харакат қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси 

Мактабгача таълим вазири

 Агриппина Шин