Мактабгача таълим вазирлигида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди

2019 йил 20 сентябрь куни Мактабгача таълим вазирлигида Ўзбекистон Республикасидаги мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга комплекс кўмаклашишни белгиловчи ҳамда мактабгача таълим муассасаларида сингапур тизими ва ўқув методологиясини фаол жорий этишни кўзда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Хусусан, Меморандумда мактабгача таълим мураббийларини Монтессори услуби бўйича ишга тайёрлаш мақсадида ўқув марказини ташкил этиш ва Тошкент шаҳрида илғор хориж тажрибасига асосланган мактабгача
таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида: Modern Montessori International ўз фаолиятини 1989 йилдан бошлаган. Айни дамда Modern Montessori International гуруҳи таркибига дунёнинг 14 мамлакатидаги, жумладан, Сингапур, Буюк Британия, Гонконг, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ва бошқа давлатларда мавжуд 100га яқин мактабгача таълим масканлари киради.

Ўз номидан келиб чиққан ҳолда, Modern Montessori International мактаб ёшигача бўлган болалар учун таълим жараёнида Монтессори услубини фаол тарзда қўллаб келади.

Эслатиб ўтамиз, Монтессори услуби XX асрнинг биринчи ярмида италиялик педагог ва шифокор Мария Монтессори томонидан ишлаб чиқилган ва тадбиқ этилган. Мазкур услубнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат: боланинг мустақиллиги, белгиланган чегаралардаги эркинлик, боланинг табиий психологик, жисмоний ва ижтимоий ривожланиши.