Мактабгача таълим вазирлигида мактабгача таълим муассасаларида хавфсиз ва оқилона овқатланишни ташкил этиш мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

2019 йилнинг 11 июнида Тошкент шаҳрида мактабгача таълим муассасаларида хавфсиз ва оқилона овқатланиш жараёнини ташкил этиш мавзуси муҳокамасига бағишланган илк давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда қатор вазирликлар ва малакали мутахассислар иштирок этдилар.Тадбир иштирокчилари мактабгача таълим муассасалари учун таомномани ишлаб чиқиш, нотўғри овқатланиш оқибатида юзага келган касалликлар профилактикаси масалаларини, инфекцион ва овқатдан заҳарланишни олдини олиш юзасидан ишлаб чиқилган чораларни, шунингдек болаларни дегельминтизация қилиш масалаларини атрофлича муҳокама этдилар.

Мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш мавзусига бағишланган давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академияси мутахассислари иштирокида бўлиб ўтди.

Д. И. Ахмедова – Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт маркази, профессор, Ш.Т. Султанова – болалар эндокринологи, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази, А.В. Мальков – диетолог-шифокор, Horev Medical Center хусусий клиникаси, Л.Н. Хасанова – гастроэнтеролог-шифокор, шаҳар болалар маслаҳат-диагностика тиббий маркази, Г.И. Шайхова – Тошкент тиббиёт академиясининг болалар овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори, м.ф.д., И.А. Улугназарова – Республика cанитария-эпидемиология назорати марказининг болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими бошлиғи ва бошқа юқори малакали мутахассислар иштирок этдилар.

Учрашув давомида кенг доирадаги масалалар, шу жумладан 2019 йилнинг 20 апрелида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим муассасаларида хавфсиз ва оқилона овқатланишни ташкил этишга бўлган гигиена талаблари” янгиланган Санитария нормалари ва қоидалари муҳокама этилди.

“Мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш масаласи тор доирадаги ишчи гуруҳлар томонидан кўриб чиқилмай, балки биринчи маротаба идоралараро кенг хусусиятга эга бўлмоқда. Биз мазкур масала муҳокамасига нафақат тегишли вазирликларни, балки амалиётчиларни, яъни шифокорларни ҳамда мактабгача таълим муассасалари мудирларини ҳам жалб этдик. Мактабгача таълим вазирлиги болаларда тўғри овқатланишга одатланишни шакллантириш бўйича иш олиб бориб, ушбу ҳолат улар улғайганда нотўғри овқатланиш оқибатида юзага келадиган касалликларни олдини олиш имконини беради. Тарбияланувчилар рациони фойдали, мутаносиб бўлиши ҳамда унда умумий мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг ёшлари инобатга олинган тузилиши лозим. МТМларда соғлом овқатланишни йўлга қўйиш учун хавсиз, тўйимли ва соғлом озиқ-овқат махсулотларининг доимий таъминотини кўзда тутувчи стандартларга узлуксиз равишда амал қилиш лозим” , — дейди ихтисослаштирилган МТМ фаолиятини мувофиқлаштириш, болалар реабилитацияси ва саломатлигини таъминлаш бўлими бошлиғи Умида Муҳитдинова.

Мактабгача таълим вазирлиги болалар саломатлиги хавфсизлигини ошириш бўйича ишларни амалга оширишда давом этмоқда. Овқатдан заҳарланиш ҳолатлари таҳлили натижасида мактабгача таълим муассасалари ходимларининг санитария нормаларига риоя этиш юзасидан билимини ошириш ва масъулиятини кучайтириш зарурати мавжудлиги аниқланди. Мактабгача таълим муассасаларининг барча ходимлари санитария минимуми курсларида гигиена бўйича таълим олиши шарт. Шунингдек, бегона шахслар махсус кийимсиз ва тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномасисиз озиқ-овқат блокига кириши тақиқланади.

Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни янада яхшилаш бўйича биргаликдаги идоралараро ишини давом этади.