Мактабгача таълим вазирлигида ЮНЕСКОнинг Бангкокдаги Осиё-Тинч океани бюросининг Сифатли инклюзив таълим бўйича секция раҳбари хоним Маки Хаяшикава иштирокидаги делегация, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги расмий вакили жаноб Ян Хладик билан учрашув бўлиб ўтди.

Мактабгача таълим вазирлигида ЮНЕСКО вакиллари билан Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш сиёсатига доир масалалар бўйича IV Осиё-Тинч океани минтақавий форумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув Ўзбекистонда Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш сиёсатига доир масалалар бўйича IV Осиё-Тинч океани минтақавий форумини ташкил этишда самарали ҳамкорликни бошлаб берди.

Унда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин меҳмонларни мактабгача таълим соҳасида янги вазирлик ташкил этилгандан буён сўнгги икки йилда амалга оширилган ишлар билан таништирди. Шунингдек, у мактабгача таълим соҳасидаги кенг қамровли йирик форумни ўтказиш учун айнан Ўзбекистоннинг танланиши мамлакатимиз имиджи учун катта шараф эканини қайд этди.

Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш сиёсатига доир масалалар бўйича IV Осиё-Тинч океани минтақавий форумида 48 мамлакат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Ҳар бир делегация сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари ва ғоялар етакчиларини спикер сифатида тақдим этишлари кутилмоқда. Хоним Маки Хаяшикава Малайзия томонидан мамлакат биринчи хоними иштирок этиши кутилаётганини таъкидлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ), Ёш болалар масалалари бўйича Осиё-Тинч океани минтақавий тармоғи (ARNEC) форум ташкилотчиларидир.

Форум мақсадларидан бири — Осиё-Тинч океани мамлакатлари сиёсатчилари учун махсус майдон ташкил этиш бўлиб, унда сиёсатчилар, ҳам болалар нуқтаиназаридан, ҳам мактабгача таълим ташкилотлари нуқтаиназаридан ўз билимлари билан ўртоқлашишлари ҳамда кичик ёшдаги болаларнинг «таълим олишга тайёрлиги»ни ошириш учун илмий-тадқиқот ўтказиш, ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, илғор тажрибани тарқатиш, соҳани ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқиш ва салоҳиятини ошириш стратегиясини муҳокама қилишади.

Хоним Маки Хаяшикава форумни ўтказиш умумий концепцияси ва келгуси ишларнинг сермаҳсул муҳокамасидан сўнг, ЮНЕСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш сиёсатига доир масалалар бўйича мақсадлари, Мактабгача таълим вазирлигининг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари билан буткул мос келишидан мамнун эканини таъкидлади.

Томонлар, учрашув ниҳоясига кўра, бўлажак форумни ташкил этиш масалаларига доир ҳар қандай масала бўйича ҳамкорлик қилишга ва қўллаб-қувватлашга келишиб олишди. Мактабгача таълим вазирлигида ЮНЕСКО вакиллари билан самарали ва сермаҳсул ишлаш учун соҳа мутахассисларидан иборат ташкилий қўмита ташкил этилади.

Қайд этиш зарурки, ҳозирда, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида кўпрежали ва таъсирчан ҳамкорлик ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг Париждаги ЮНЕСКО бош қароргоҳига ташрифи чоғида имзоланган «Мамлакат бўйича дастур»га биноан, таълим, маданият, фан ва АКТни ривожлантириш каби муҳим йўналишлар бўйича аҳамиятли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур дастур, ЮНЕСКО ташкилотга аъзо давлат билан имзолаган илк ҳужжат бўлди.