МТТ лар энергия тежовчи тизимга ўтказилади

Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ва Корея Энергетика Агентлиги ўртасида энергия самарадорлиги, энергиянинг қайта тикланувчи манбалари ва иқлим ўзгариши бўйича англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра Ўзбекистон мактабгача таълим ташкилотларида энергия тежовчи тизимларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Мактабгача таълим вазирлигида Корея Энергетика Агентлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда МТМ лар биносини сақлаш, эксплуатация қилиш, мактабгача таълим ташкилотларида энергия тежовчи тизимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин эндиликда янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилишида катта харажатли, ҳашаматли лойиҳалар ўрнига, экплуатацияда қулай, хавфсиз ҳамда камхарж лойихаларга эътибор қаратилишини билдирди.

“Катта маблағ ишлатмасдан, фарзандларимиз учун қулай ва хавфсиз муассасалар барпо этиш мумкинлигини сизнинг компаниянгиз бизга исботлаб берди. Энергия тежовчи технологияларни жорий этиш айни кунда Ўзбекистон учун долзарб масала ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан биз Агентлик билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ”– деди вазир ушбу Агентлик президенти Ким Чанг Сэоб билан суҳбатда.

Энергия тежовчи тизимлар шунингдек модернизация қилинаётган МТМ ларда ҳам жорий этилиши қўзда тутилмоқда.

Ҳамкорлик доирасида Корея Энергетика Агентлиги мутахассислари мактабгача таълим вазирлиги томонидан таклиф этилган бешта МТМ ни ўрганиб чиқдилар. Ушбу ўрганиш чоғида объектларнинг умумий ҳамда ўзига хос томонларига эътибор қаратилди. Яқин келажакда уларни модернизация қилиш, энергия тежовчи тизимларни жорий этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади. Пилот лойиҳасини амалга ошириш учун эса Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 19-сонли МТМ танлаб олинди.

Учрашув якунида Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Корея Энергетика Агентлиги ўртасида ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланди.