МТВ ва ЮНИСЕФ Ўзбекистонда болаларнинг илк ёшдан ривожланиши ва тарбияланиши борасида жамоатчилик фикрини биргаликда ўрганадилар

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида тадқиқот ишлари 2019 йилнинг 5-августидан 10-сентабригача олиб борилади. Ушбу тадқиқотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) МТВ билан имзоланган икки томонлама битимга мувофиқ амалга оширади.

Тошкент, 2019 йил 22 июль – Даставвал, 22-июлдан 26-июлга қадар ҳудудларда иш олиб бориш ва маълумотларни йиғиш бўйича тадқиқот агентлиги жамоасини тайёрлаш бўйича семинар ўтказилади. Тадқиқот агентлигига ишни келишилган протоколга мувофиқ олиб борилишини таъминлаш ва мониторинг қилиш масъулияти юкланади. Бу эса аҳоли билан тўғри алоқа ўрнатиш ва мониторинг шартларини белгилайди. ЮНИСЕФнинг халқаро экспертлари сўровномалар ўтказишни, анкеталар тўлдиришни, маълумотлар тўплаш ва умуман, жамоатчилик билан қандай ишлаш бўйича батафсил брифинглар ўтказадилар. Шу жумладан сўровномалар ўтказиш жараёнида вужудга келиши мумкин бўлган аҳлоқий масалалар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтадилар.

Семинар давомида агентлик вакиллари томонидан сўровномалар синовдан ўтказилади. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бир қатор хонадонлар мисолида мактабга тайёргарлик жараёнининг кетишини ўзида акс эттирувчи анкеталарни йиғиш ишлари синов тариқасида қўриб чиқилади. Ҳақиқий тадқиқот чоғида ҳар хил хонадон намуналарини танлаш усули қўлланилади. Бош респондентлар ота-оналар (болаларга ғамхўрлик қилувчи оила аъзолари) ва болалар бўлади.

«Биз ўз фарзандларининг эрта ривожланиши ва таълим олишига сармоя киритишда ота-оналар томонидан қабул қилинаётган қарорларга нималар туртки бўлишини, шунингдек, оилаларда мактабгача таълимнинг аҳамиятига оид тушунча қай даражада шаклланганлигини, уларнинг бу борадаги нуқтаи назарлари ва амалиётлари харитасини яратишимиз керак. Тадқиқот мактабгача таълимга бўлган талабнинг шаклланишига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлашга қаратилган. Тадқиқот натижалари ота-оналарнинг мактабгача таълим муассасаларига бўлган талабини асослаш ва ошириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш ва тарбиялашни яхшилаш учун ишончли мулоқот стратегиясини ишлаб чиқишга ёрдам беради «, – дейди ЮНИСЕФ таълим бўлими раҳбари Дипа Шанкар.

Мактабгача таълимнинг ўрни, таъсири ва боланинг мактабдаги кейинги ривожланинши ҳақидаги маълумотларни олиш учун 6-7 ёшдаги болалар учун мактабга тайёргарлик кўриш жараёни ҳам баҳоланади. Баҳолаш ўйин шаклида, қизиқарли тарзда амалга оширилади.

Тадқиқот мақсадлари қуйидагилардан иборат:

• Танланган хонадонлар орасида МТТга қатнайдиган ва қатнамайдиган 3-7 ёшдаги болаларнинг ота-оналари/васийларидан мактабгача таълимга оид фикрлар намуналарини тўплаш;

• Мактабгача таълим хизматларидан фойдаланишни рағбатлантириш факторлари ва улардан фойдаланишдаги мавжуд тўсиқларни аниқлаш;

• Мактабгача таълим хизматларига талабни ошириш, ота-оналар ва умуман жамият томонидан ёш болаларни парвариш қилиш, ривожлантириш ва ўқитиш учун билим ва кўникмаларга ва амалиётга бўлган талабни ошириш учун тегишли коммуникация стратегиясини ишлаб чиқиш.