«Музей қандай тузилган» деб номланган китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди

10 март куни Политехника музейида «Музей қандай тузилган» деб номланган китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Гаянэ Умерова, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов нутқ сўзладилар. Иштирокчилар китобнинг мазмун ва моҳиятини ёш китобхонларга сўзлаб беришди. Мактабгача таълим вазири Aгриппина Шин тарих ва санъатни ўрганишни болалар учун билим пойдевори деб атади:

«Бугунги кунда, Ўзбекистонда Уйғонишнинг янги даври – учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилмоқда, шунинг учун маданият ва санъатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Санъат тарихини ўрганиш қийин ва узоқ вақт талаб қиладиган машғулот деб ҳисобланади, аммо болани ҳар доим катталарнинг қизиқиши, ажабланиши ва завқ-шавқи ўзига жалб қилади ва буни кафолатлайдиган китоблар мавжуд».

Маълумот учун: Китоб музейлар тарихи ҳақида болалар учун иллюстрацияларга бой, шунингдек, ёш китобхонларни санъат музейлари ва галереялар оламига таклиф этади. Рассом Давид Бём ва матн муаллифлари Ондржей Хробак, Ростислав Корычанек ва Мартин Ванеклар ўқувчиларни музейлар тарихи билан таништиради, уларга музейнинг нима эканлиги, қандай ташкил этилганлиги ва унда кимлар ишлаши, санъат асарлари қайси принципда намойиш этилиши ва кўргазмалар қандай режалаштирилиши ҳақида айтиб беради. Китобни мослаштириш учун И.В. Савицкий музейининг коллекциясидан Александр Николаев (Усто Мумин), Виктор Уфимцев, Александр Шевченко, Николай Карахан, Евгений Лысенко, Александр Волков каби машҳур рассомларнинг асарлари танланган.

Бундан ташқари, китобда Дамир Рўзибоев, Вячеслав Усеинов ва Жолдасбек Қуттимуратов каби Ўзбекистон тасвирий санъатининг замонавий вакиллари асарлари тақдим этилган.

Китобни ўзбек тилида қайта нашр этишдан асосий мақсад – болалар ва ўсмирлар ўртасида миллий музейларга боришга қизиқиш уйғотишдир.  Ташкилотчилар томонидан 400 нусҳадаги китоблар вазирликларга беғараз тақдим этилди. Шу билан бирга Мактабгача таълим вазирига соҳада фойдаланиш учун 200 та китобга сертификат топширилди.