“СИНОВЛАРДА ТОБЛАНАДИ ИРОДАМИЗ”

Aзиз юртдошлар, қадрли Мактабгача таълим тизими ходимлари, ҳурматли ота -оналар!

Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир неча бор халқимизга мурожаат қилди. Мурожаатда бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечираётганлиги, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун барча чораларни кўриш лозимлиги, шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз кераклигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда касалликни маҳалламиз, уйимиз, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимиз, бунинг учун ҳар биримиз кундалик юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз, жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфекция ишларини мунтазам амалга ошириш зарурлиги устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Албатта, 2020 йил ўлати деб ном олган тождор вирус ёки короновирус ёхуд COVID-19 вируси ривожланишнинг муҳим даврини босиб ўтаётган бир вақтда инсонлар умри ва ҳаётига хавф туғдиришда давом этмоқда.

Муҳтарам Президентимиз коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича “Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган”, деган бир ҳақли фикрни таъкидлаган эди. Бугунги жуда қалтис вазиятда ҳам миллатимизни саводли қилишга, ёшларимизни таълим-тарбиядан чалғитмасликка, жажжи болажонларимизни мактабгача таълим тизимидан узмасликка ҳукумат даражасида эътибор кучайтирилаётган экан, бу эзгу ишдан четда қолмаслигимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. “Илк қадам” Давлат дастури асосида ташкил этилиб, ОАВ орқали эфирга узатилаётган онлайн-боғчалар фаолияти мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бош бўғини эканлигидан далолатдир. Бугунги кунда келажагимиз давомчилари бўлмиш фарзандларимиз Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ва Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Болажон” телеканалида намойиш этилаётган “Илк қадам” дастури доирасида 3-6 ёшлик болалар “Бардам болажон”, “Ментал арифметика”, “Моҳир қўллар”, «Luckin English», “Болалар ошхонаси”, “Менинг диёрим”, “Равон нутқ” каби машғулотларининг жажжи иштирокчисига айланишмоқда. Хусусан, 1-синфга тайёргарлик кўраётган болалар ижодкорлар томонидан давлат дастури асосида тайёрлаган “Ақлвой” номли мактабга тайёрлов машғулотларини уйда бажара оладилар. Машғулотлар ота-оналар учун манзур бўлмоқда.

Бу ўринда Мактабгача таълим вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган Бухоро давлат университетининг яқин уч йилда ўз фаолиятини тубдан қайта ислоҳ қилди. Университетнинг “Мактабгача таълим” кафедрасида ҳам юқори малапкали тарбиячилар тайёрлаш мақсадида талабаларга ўттизга яқин профессор-ўқитувчилар томонидан масофавий-онлайн тарзда дарслар ташкиллаштирилгани катта аҳамиятга эга, албатта. Бу дарслар қизиқарли савол-жавоблар, талабаларнинг қай даражада ўзлаштираётган билимини назорат қилувчи тестлар, дидактик ўйинлар ва амалий қўл меҳнати намуналарини тайёрлаб бериш тарзида уюштирилаётгани, алоҳида масъуллар бириктирилгани ҳам икки томоннинг бевосита илмий ҳамда ўқув-амалий мулоқотга киришиши туфайлидир. Биз олийгоҳда бўлажак тарбиячиларга таълим беряпмиз. Келажак авлоднинг етук инсон бўлиб етишишида мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларининг нечоғлик масълиятли эканлигини асло унутмаймиз.

Шу кунларда уйда қолиб, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида синалган масофавий таълим имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда талабаларимизнинг таълимдан узилмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз.

Қолаверса, барча мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ҳам елкамиздаги масъулиятли вазифани астойдил адо этмоқдалар. Унутмайликки, уйда қолиб, онлайн тизимда ишлаётганимиз – бу биз, зиёлиларнинг юртимизда шу йўналишда олиб борилаётган кенг қамровли ишларга қўшган муносиб ҳиссамиз бўлади. Юрт келажагини бунёд этадиган жажжи болажонларимиз учун масофадан турган ҳолда ҳам ғамхўрлик қиламиз, уларнинг келажаги учун қайғурамиз албатта. Иродамизни тоблаётган бу синовлар йўлидаги эзгу ва хайрли ишда барчаларингизга соғлик ва куч қувват тилайман

ГУЛНОЗ ҲАСАНОВА

БухДУ Мактабгача ва бошланғич таълим факультети , Мактабгача таълим кафедраси мудири, педагогика фанлари номзоди, доцент.